"Лондонистон" ўзбеклари ва “қоровул” миллионер ҳақида

Image caption Лондон мусулмонлари

Умрингизда бирор кишидан “Ҳайитингиз муборак бўлсин”, деган ўзбекча табрикни эшитиб бир чўчиб тушганмисиз?

Йўқ, дини Исломга эътиқод қилувчиларга нисбатан, дейлик, Ўзбекистону Тожикистонда бўлгани каби тазйиқ умуман сезилмайди бу ўлкада, аммо лоф бўлмасину, ўзбекча табрик эшитиш мен учун деярли кутилмаган ҳол эди.

Чунки, мен Лондоннинг энг чекка минтақаларидан биридаги масжидда эдим.

Ҳайит билан табриклаган йигит эса, ёнимдаги бошқа бир биродаримизнинг биродари бўлиб чиқди.

У ҳам биз каби бир гуруҳ, яъни тўрт-беш киши бўлиб намозга келган, асли ўзбекистонликлардан эди.

Бу ҳақда кейинроқ, ҳозир масжид ҳақида айтиб берсам.

Масжидимиз ҳақида

Image caption Эски черков, янги масжид...Пештоқдаги хочни кўраяпсизми?

Қизиғи, бу туманга беш йил аввал кўчиб келганимизда, Ҳайит намозлари фақат бир маҳал ўқиларди, ҳозир эса, кетма-кет уч марта ўқиладиган бўлган.

Дунёнинг бутун минтақаларидан, айниқса, Жанубий Осиё мамлакатларидан келаётган мусулмонлар масжиддаги беш юздан ортиқ намозхонлар аксариятини ташкил қилади.

Ҳиндистонлик, Бангладеш ва Афғонистону покистонликлардан кейин туркияликлар, табиийки, улар қаторидан марказий осиёликлар, хусусан, ўзбекистонликлар жой олишганди.

Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.

Ўйлаб қарасам, Лондоннинг ўзбек яшамаган бирор бир тумани қолмаган.

Бояроқ айтганим, беш йил аввал биз бу атрофда беш-олти нафар ўзбек бўлсак, ҳозир фақатгина бу масжидга келадиганлари, фақатгина намоз ўқийдиган ўзбекларнинг ўзи йигирмадан ошиб қолгандир...

Эҳтимол, кўпроқдир, чунки Ҳайит намози уч марта ўқиладиган бўлган...

Миллионер “қоровул” ва ё масжидга айланган черков ҳақида

Хуллас, беш йил Лондоннинг Бексли деб аталмиш туманига кўчар эканмиз, Рўза ойида ифторликни масжидда беришга қарор қилдик.

Крейфорддаги минтақамиз масжиди... атиги бир неча йил аввал черков бўлган! Ростакамига черков!

Расман бу черков 2008 йилда Шимоли Ғарб Кент Мусулмонлар Уюшмаси томонидан сотиб олинган.

Норасмий ҳикоя эса... Ишқилиб, 2011 йилда биз масжиддагилар учун оилавий бўлиб ифтор беришга аҳд қилдик.

Сомса пиширдик, ош дамладик ва оғиз очишга 20 дақиқача қолганида масжид ошхонасига кириб келдик.

Бағрида 50 нафар рўзадорни бемалол жойлашадиган катта ошхонада ёши олтмишларга яқинлашган, юпунгина кийинган, кўринишидан бангладешликларга ўхшайдиган бир киши столларни артиб юрарди.

Биз томон келгач, жилмайиб, қаердан келганимизни сўради.

Бунақа ҳолатларда, айниқса, масжидларда ўзимизни дарров Бухороданмиз деб таништирар, кейин эса, Ўзбекистон ҳақида сўзлаб берар эдик.

Бу гал ҳам “Бухоро” номини зикр этишимиз билан бу “қоровул” ростакамига ҳовлиқиб қолди.

Биз Имом Бухорий юртидан ва унинг назарида “Бухорийнинг авлодлари”дан эдик.

Табиийки, бунақа ҳурматдан фахр этмасликнинг иложи йўқ...

Биз ҳам бу меҳмондўст биродаримизнинг нима иш қилиши, масжид тарихи ҳақида сўрай кетдик...

"Масжид бизники... Икки-уч йил аввал сотиб олдик”, деди у.

Шу орада бошқа бир намозхон келиб, бизга ёрдам бера бошлади, орада “қоровулга” ишора қилиб, “масжидни фалон миллионга сотиб олган бу одам”, деди.

Лол қолдик.

Лол қолганимиз бу киши биз тасаввур қиладиган “миллионер”га мутлақо ўхшамас эди.

Акс ҳолда...

Майли, кейинроқ суҳбатларимиздан маълум бўлишича, бу асли бангладешлик бўлган одам Лондоннинг бу туманига биринчилардан бўлиб кўчиб келган жанубий осиёликлардан экан.

То миллионер бўлганига қадар қилмаган иши қолмаган, аммо асосан эски уйларни сотиб олар, таъмирлаб яна қайтадан сотар экан.

Кимдир унинг бир неча марта уйланганини гапирса, кимдир 16 нафар фарзанднинг отаси эканини айтар, яна кимдир эса унинг ёрдами билан уйлик бўлганини айтиб, дуо қиларди.

“Дунёни менга қўйиб бер, динни ўрган...”

Биз билан суҳбатда бу одам катта фарзандларини беш нафари ҳақида гапирди, демак, улардан икки қизи ва бир ўғли шифокор, яна икки ўғли эса адвокат экан.

“Уларнинг болалиги исломий мактабда ўтди, кейин университет... Мен уларга, динни ўрганинглар, дунёни менга қўйиб беринглар, устингизни бутлаб, қорнингизни тўқ қиламан, дердим.

Шундай қилишди. Ҳозир бешовлон олий маълумотли...”

Масжидга айланган черков ҳақида сўрадик.

“Бу ерга келганимизда иккита уй сотиб олдим, яқин атрофдаги туманларда мусулмонлар озроқ яшагани учун масжид йўқ эди. Битта уйни аввалига жума намозлари учун бўшатиб қўйдим, кейинроқ мусулмонлар кўпайганидан сўнг, туман ҳокимлигидан келиб, бир уйга элликдан ортиқ киши турфа тадбирлар, бу ўринда ибодат учун йиғилмаслиги керак, уй кичкина дейишди. Ростдан ҳам бу уй торлик қиларди. Шу атрофда яшаганим учун доим мана шу одатда бўш турадиган черковга қараб, бизга беришса эди, обод қилар эдик, яхши масжид бўлар эди, деб орзу қилардим... Бир куни шартта машинамни тўхтатдим, ичкарига кирдим, бир роҳиб қарши олди, бироз гаплашиб ўтирдик ва мен: "Черковда одам оз, менга сотмайсанми?" деб сўрадим. У кулиб: "Йўқ, буни сотсак ҳам, олди-берди бунақа ҳал бўлмайди", деди. Унга ўз телефон рақамимни қолдирдим ва умидни узмай черковни тарк қилдим. Орадан бир неча ой ўтгач, роҳиб менга телефон қилди ва черков кимошди савдосида сотилишини айтди. Мен ҳам бордим ва сотиб олдим. Бор гап шу”, дейди у.

Биз у билан масжиддан чиқдик. "Уйларингизга ташлаб қўяман, ўтиринглар машинага", деди. Ўтирдик. Toyota русимидаги эски, бизнинг ўзбекча назаримизда “пачоққина” машина. Нари борса 1000 долларлик... Ҳайдовчи эса самимий инсон, ўта одми кийинган ва суврату сийратида заррача ҳам кибр бўлмаган бангладешлик миллионер эди!

Бу воқеага ҳам беш йилдан ошди.

Рамазон Ҳайити намозини ўқиб бўлар эканмиз, ўзбекистонлик йигитлар ўз фарзандлари ва бошқа болаларга ширинлик улашарди.

Ажойиб манзара эди.

Тасаввур қилинг, Лондоннинг асосан маҳаллий миллат яшайдиган минтақаси, муҳожирларни севмайдиган ва айрим ҳолатларда, ҳатто очиқчасига ирқчи гуруҳлар урчиган жой... Шунга қарамай, масжидга айланган черков, тобора кўпайиб бораётган мусулмонлар ва улар орасида ўзбекистонликлар...

Масжид эски черков эмасми, пештоқида ҳамон хоч бор эди, тўғрироғи черков қурилаётганда тепадаги ғиштлар хоч шаклида терилганича турарди.

Миллатчиларнинг “истилоси” ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи website
Image caption "Аввал Британия"нинг шоввозлари масжид яқинида

Яна бир қизиқ воқеа бундан икки йилча аввал рўй берди.

Britain First ( Аввал Британия) аталмиш миллатчи ва аксариятга кўра, ирқчи бир ташкилот бор.

Хуллас, ана шу ташкилот фаолларига масжиднинг икки эшиги, тўғрироғи бу эшиклардаги ёзувлар ёқмай қолибди, “бу ёзувлар билан Британиянинг эркак ва аёл тенг деган қадриятларини чилпарчин қилаяпсиз” қабилида пикетнамо бир нарса уюштиришибди, масжидга “бостириб” киришибди.

Масжиднинг икки эшиги бор ва бирига “опа-сингилларимиз учун”, иккинчисига эса, “биродарлар учун” деб ёзиб қўйилган.

Энди бу Аввал Британия деган гуруҳ шундан роса норози бўлиб, беш-олти фаоли билан масжидга келишибди.

Намозхонлар ва масжид имоми уларни меҳмондай кутиб олишибди, саволларига жавоб беришибди, аммо эшиклардаги ёзувларни олмайдиган бўлишибди...

Энг қизиғи, бу воқеадан икки ҳафтача ўтиб, биз Жума намозига борганимизда рўй берди.

Қандай қилиб насроний инглиз йигит Жума намозида “ваъз” ва “шеър” ўқигани ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи nwkma
Image caption Масжид эшиклари барча инсонлар учун очиқ...

“Аввал Британия” деган гуруҳ ҳам, намозхонлар ҳам бу воқеани деярли унутиб бўлишган, ҳаёт ўз йўлида давом этаётганди.

Имомимиз ваъзини якунлаб қолганда, намозхонларга мурожаат қилиб, “икки ҳафтача аввал масжидимизга келган меҳмонлардан бири бугун яна келибди, икки оғиз сўзи бор экан мусулмонларга, эшитамизми”, деб сўраб қолди.

Ҳамма рози бўлди.

Ёши йигирма бешларда, сочлари қиртишлаб олинган бу инглиз йигит каломини: “Ассалому алайкум, биродарлар”, деб бошлади. Ҳамма жим.

Аксарият "яна нима каромат кўрсатар экан бу пандавақи", деб ўйлаган бўлса ҳам бордир, аммо унинг ўзига хос нутқи адашмасам бу эди.

- Ассалому алайкум, биродарлар! Мени кечиринг, мен хато қилдим (намозхонлар ўртасида жонланиш, ўзбеклардан айримлар “ёпирай” деворди... бошқалар эса нафасини ичига ютган, наҳот, Худонинг ўзи ҳидоят бериб, ҳозир калима келтирворса-я...) Мен “Аввал Британия” деган гуруҳ аъзоси эдим. Аммо, бу гуруҳдан чиқдим ва уларнинг ҳаракатларини, ғояларини қоралайман. Улардан нафратланаман. Бу гуруҳ одамларни ирқига, дини ва миллатига қараб ажратади, бизнинг ўртамизга раҳна солади, британияликни бир-бирига қарши қайрайди! Мен унақа эмасман. Мен барча инсонларни бир-бирига биродар деб биламан. ( Намозхонлар орасида “яшавор” деган ҳайқириқлар янгради, тасдиқ ишораси билан бош силкимаган қолмади...)

Ҳамманинг кўзи бу инглиз йигитда... Шунда бу йигит ўзининг янги биродарлари билан...

- Фурсатдан фойдаланиб, мен ўзим ёзган бир шеърни ўқиб берсам, майлими? (ҳамма, ҳатто имом ҳам жилмайиб, майли деган бўлди) Хуллас, бу шеър мен учун жуда азиз, юрагим қони билан ёзганман... севган қизимга бағишланади... Афсус, у мени ташлаб кетди. Мен уни соғинаман...

Имом дохил барча намозхонлар учун бу мутлақо кутилмаган ҳолат эди.

Куни кеча уларни ҳақорат қилган гуруҳнинг собиқ аъзоси бугун дўстлик даъвоси билан масжидга келиб турибди, тузуккина ваъз ҳам ўқиди, лекин бу севгилисига бағишланган шеър... Имом ҳам, намозхонлар ҳам (улар орасида базўр кулгидан тийилиб турганлари ҳам бор эди) бу йигитнинг шеърини жилмайиб тинглашди.

Инглиз йигит ҳаммага раҳмат айтди. Ҳамма инглиз йигитга раҳмат деди...

Эшитишимча, бу йигит орадан бир мунча вақт ўтиб, бошқа масжидларга ҳам борган ва... Ислом динини қабул қилган.

Лекин, бунинг аниқ тасдиғини ҳозирча топганим йўқ.

Айтганча, бу масжид бизнинг минтақамизда энг каттаси саналади.

Ана шунақа гаплар, бизнинг икки қаватли, пештоқида каттадан катта хоч белгиси бор ва бир пайтлар черков бўлган масжидимизда...

  • Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ