АҚШ Адлия вазирлиги: "Daimler Ўзбекистон ҳукуматига пора бергани текширилмоқда"

Адлия вазирлиги
Image caption Америка Адлия вазирлигига кўра, Daimler ширкати бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам ножоиз тўловларни амалга оширган

Америка Қўшма Штатлари расмийлари Олмониянинг Daimler авто ширкати Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумат мулозимларига пора бергани ҳақидаги маълумотларни текширишмоқда.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Daimler 1998 йилдан 2008 йилга қадар Туркманистон, Ўзбекистон ва Латвия дохил, йигирма иккита давлат расмийларига "ўн миллионлаб доллар" миқдорида пора берган.

Америка Адлия вазирлиги Daimlerни мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш қонунларини бузганликда айбламоқда.

Daimler ширкати "Mercedes-Benz" ва "Smart" русумидаги автомобилларни ишлаб чиқаради.

Америкалик прокурорларнинг айтишларича, поранинг бир қисми АҚШда жойлашган ширкатлар орқали берилган.

АҚШ ҳукумат прокурорлари олмон автомобил ширкати камида 22 давлатда ҳукумат контрактларини қўлга киритиш учун юзлаб ножоиз тўловларни амалга оширганлигини даъво қилишмоқда.

Улар орасида Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам бор.

"Совға-саломлар" улашиш рўйхатида Туркманистон мисоли келтирилади.

Daimler Туркманистон бозорига кириш учун камида 550 минг еврога тенг иккита зирҳланган автомобилларини юқори лавозимли туркман мулозимига тортиқ қилган.

Image caption Дунё бўйлаб машҳур автоуловлар

Ширкат шунингдек, бу юқори лавозимли туркман мулозимининг китобини олмончага ўгиришни бўйнига олгани айтилади.

Маҳкама ҳужжатларида айтилишича, ширкат юз миллионлаб долларлик Daimler автомобилларини сотиб олишлари учун ҳукуматларга ўн миллионлаб доллар миқдорида пора берган.

Ҳужжатларга биноан, ширкат бу каби ноқонуний тўловлардан 50 миллион доллар фойда кўрган.

Даъво қилинаётган пора беришлар 2008 йил январига қадар давом этган.

Коррупцияга қарши кураш қонуни Америка биржаларида ҳиссаларга эга бўладиган ҳар қандай ширкатга татбиқ этилиши мумкин.

Айни қонун Адлия вазирлигига Олмониянинг автомобил ширкатига тегишли тўловларни дунё бўйлаб текшириш ҳуқуқини беради.

Прокурорлар ширкатга қарийб юз миллион долларга тенг жарима солишни маслаҳат беришган.

Шунингдек, улар ҳозирда Daimler ширкати бу каби амалларни тўхтатгани ва текширувларда тўла ҳамкорлик қилганини ҳам урғулашган.

Daimler 180 миллион доллар тўлаб ишни маҳкамага оширмасликка ҳаракат қилгани хабар қилинганди.

Аммо ширкатнинг Америкадаги воизларидан бири Би-би-сига келаси ой дастлабки маҳкама тинглови бўлишини айтди.

Зотан, воиз Daimler ширкати маҳкамада ўзига қўйилган айбларни тан оладими ва ё инкор қиладими деган саволга жавоб бермади.