Франция: поездда қолдирилган чемоданда 1 миллион долларлик олтин топилди

Олтин қуймалари Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Топилган олтин қуймаларида ҳеч қандай муҳр ёки зарб урилмаган

Париж яқинидаги поездда ичига 20 килограмм олтин қуймалари жойлаштирилган чемодан топилган.

Massy-Palaiseau станциясида турган поезд ичида кўк чемодан турганини кўрган одамлар қўрқиб кетишган ва полицияга хабар беришган.

Дарҳол станцияга бомбани зарарсизлантирадиган гуруҳ етиб келган.

Чемодан очиб қаралганда ичида ҳар бир доннасининг оғирлиги 1 килограмм чиқадиган 20 та қуйма топилган.

20 килограмм олтиннинг баҳоси 800 000 Евро ёки 1 миллион АҚШ долларига тенг деб кўрилмоқда.

Қуймалар заргарларга берилган, олтиннинг асллигини текшириш бошланган.

Франция полицияси поездда кўк чемоданни қолдириб кетган шахсни қидириш бошланганини маълум қилган.

Полициядан билдиришларича, олтин қуймаларида ҳеч қандай муҳр ёки зарб урилмаган.

Бундан олтин буюмлар эритилиб, улардан қуймалар ясалган, деган хулоса келиб чиқади.

Терговчиларнинг айтишларича, чемодан эгаси уни атайин поездда қолдирган, у полиция ўзини тўхтатиб чемоданни очишни талаб қилишларидан чўчиган бўлиши мумкин.

Шунинг учун "бу чемодан меники эди" деб келувчи, ҳойнаҳой бўлмайди.

Чемодан қолдириб кетилган поезд сешанба куни ўз сафарини Roissy станциясидан бошлаган ва полиция Roissyдан Massy-Palaiseau гача бўлган барча темир йўл станцияларидаги кузатув камераларидаги видеоёзувларни текширишни бошлаган.

Агар олтиннинг эгаси чиқмаса, у кимники бўлиши даргумон қолмоқда.

Агар ҳеч ким даъво қилмаса, полиция бу ишни ёпиши ва бу ҳодиса "хазина топиш" деб қаралиши мумкин.

Бундай ҳолатда олтин сотилганидан кейин тушадиган маблағ Париж транспорт оператори RATP ва чемоданни топган кондуктор ўртасида тақсимланиши мумкин.

Агар бу ҳодиса "топилган буюм" деб таснифланса, олтин савдога қўйилади ва бундан тушган маблағ давлат хазинасига топширилади.