"Яровая қонуни" боис хорижий провайдер Россияни тарк этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Private Internet Access
Image caption VPN-сервис Интернетга қўйилган тўсиқларни айланиб ўтиб, хоҳлаган сайтга уланиш имкониятини берган.

Хорижий Private Internet Access ширкатидан Би-би-сига маълум қилишларича, Давлат Думаси депутати Ирина Яровая ва сенатор Виктор Озеров илгари сурган Россиянинг янги "аксилтеррор қонуни" кучга киритилганидан кейин Россия бозорини тарк этишга қарор қилган.

Компания вакили сўзларига кўра, ўзларининг бир неча сервери Россия расмийлари томонидан тортиб олинган.

Бундан олдин Private Internet Accessнинг Санкт-Петербургдаги 15 серверидан 5 таси олиб қўйилгани ҳақида хабар қилинган эди.

VPN-сервис Интернетга қўйилган тўсиқларни айланиб ўтиб, хоҳлаган сайтга уланиш имкониятини берган.

"Яровая қонуни" деб ном олган Россия қонунчилигига ўзгартиришлар 7 июл куни Президент Владимир Путин имзолаганидан кейин кучга кирди.

Ушбу ўзгартиришларга биноан, Россия ҳудудида фаолият юритадиган Интернет провайдерлар ўз мижозларининг қайси сайтларга киргани ҳақидаги маълумотни 6 ой давомида сақлаб қўйишлари, агар махсус хизматлар талаб қиладиган бўлса, бу маълумотни уларга тақдим этишлари шарт қилиб қўйилган.

Мобил алоқа ширкатларидан ҳам ўз мижозларининг телефон қўнғироқлари, хабарлари матнлари ва суратларини сақлаб қўйиш талаб қилинган.

Қонун ташаббускори Дума депутати Ирина Яровая фикрича, бу чораларнинг ҳаммаси "терроризмга қарши курашга ёрдам беради".

Президент Путин имзолаши Россиянинг Жиноят Кодекси, Маъмурий Жавобгарлик Кодекси ва қатор қонунларида чоралар янада қаттиқлашди.

Хусусан, терроризмда айбланган, хорижий мамлакат армиясида хизмат қилган инсонларни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш осонлашди.

Терроризм, экстремизм бандларида айбланган ёки тақиқланган ташкилотларга алоқаси бор деб кўрилган инсонларнинг мамлакат ҳудудига кириши, ҳаракатланишини чеклаш учун масъул идораларга кўпроқ ваколат берилди.

Бу ўзгаришлар мессенжерлар орқали юборилган хат-хабарларни очиб ўқиш, хотирада сақлаб қолиш мажбуриятини мобил алоқа ширкатлари, Интернет провайдерларига юклайди.

Қонунда ёзилишича, мессенжерлар орқали юборилган матнлар 6 ойгача, Интернет орқали юборилган маълумотлар эса 3 йилгача сақланиши шарт.

Кучишлатар тизимларига хоҳлаган пайтида бу маълумотларни очиб ўқишга рухсат берилган.

Жиноят Кодексига янги икки банд қўшилган: улар "Жиноят ҳақида хабар бермаслик", "халқаро терроризм амали" деган бандлар.

Россиянинг диний эркинликка бағишланган қонунига "миссионерлик фаолияти" деб номланган янги боб киритилган.

Бундан кейин масжиддан ташқаридаги ёки Интернетдаги диний тарғибот ҳам миссионерлик фаолияти деб тушунилади.

Агар диний маросим бўлмаётган бўлса, аҳоли яшаш жойларида миссионерлик фаолиятини юритиш тақиқлнади.

Миссионерлардан рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлиш талаб этилади.

Ушбу тартибларни бузган кишига 1 миллион рублгача жарима, хорижий миссионерга янада кўпроқ жазо чораси қўлланиши мумкин.

«Яровая қонуни» 24 июнь куни Госдума тарафидан, 29 июнь куни Россия парламентининг юқори палатаси -Федерация Кенгаши томонидан маъқулланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар