Тожикистонда 14 имомга жиноят иши қўзғатилган

Тожикистон Дин ишлари ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитасининг диний бирлашмалар бошқармаси бошлиғи Ҳусайн Шокировнинг маълум қилишича, мамлакат масжидларида имом-хатиблик лавозимига тайинланган 14 шахсга нисбатан жиноят ишларини ҳуқуқ-тартибот органлари қўзғатганлар.

Бу шахслардан икки нафари фаолиятдаги, қолган 12 нафари имом-хатибликдан бўшатилган бўлганини билдирган диний қўмита мулозими.

"Қолганлари аллақачон лавозимидан бўшатилган ёки аттестациядан ўтолмаганлар бўлганлар", деб айтган Ҳусайн Шокиров.

Шу йил бошидан Тожикистонда имомларнинг мамлакат қонунларига зид фаолият юритгани аниқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Март ойида мамлакат шимолидаги Суғд вилоятида 15 имом-хатиб ҳибсга олинган.

Июн ойида Суғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидаги масжидларда имом-хатиб бўлиб ишлаган 7 имом устидан суд бўлиб ўтган.

Маҳкама имомларни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Мусулмон Биродарлар" диний ташкилотига аъзоликда айбдор деб топган ва 3 ва 3 йилдан зиёд муддатга қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Имомларнинг ҳаммаси Саудия Арабистонидаги Мадина Университетининг битирувчилари бўлганлар.

Диндорларнинг устидан тергов ва маҳкамани ёпиқ тарзда ўтказишга қарор қилинган, шу боис жиноят ишлари тафсилоти кўпчиликка маълум эмас.

Бир неча кун олдин Тожикистон давлат телеканалида Хўжанд шаҳридаги марказий мосжиднинг имом-хатиби ўринбосари Орифжон Эргашев ҳақида кўрсатув намойиш этилган.

Унда Орифжон Эргашевнинг "Мусулмон Биродарлар" гуруҳига қўшилганини тан олгани, бир неча дўстлари ва танишлари қўлга олинганидан кейин Тожикистондан қочиб кетгани, сўнг ўз ихтиёри билан қайтиб, ўзини ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига топширгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар