Россияда ўзбегу тожик мардикор аёллар сони ортмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳожирнинг оғир юки

Ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб, ғалати бир манзаранинг гувоҳи бўламан. Бир тўда ўзбек-тожик аёллар кўпқаватли уйлар панасига беркиниб, атрофга олазарак бўлганча, ўзларини далага олиб чиқадиган микроавтобусни кутишади.

Келиб тўхтаган заҳоти зудлик билан машинага чиқиб олишади.

"Дакументимиз чатоқ , ука, мелисалар кўриб қолмасин деймиз. Машинага чиқиб олсак бўлди, далага мелисанинг йўли тушмайди", деб жавоб берди.

Қизиғи, бундан ўн йиллар аввал ҳам ўз аёлини Россияга ишлатгани олиб келган эркак қаттиқ маломат қилинарди.

Таниш-билишларнинг таъна-дашномларига дучор бўларди.

Бугунчи?..

Бугун марказий осиёлик аёллар дунёнинг турли давлатларида мардикорлик қилишаётгани барчага маълум.

Жумладан, Россияда ҳам уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.

Эрларнинг топган-тутгани рўзғордан ортиб, уй- жой, тўй-маърака қилишга етмаётгани сабабли аёллар ҳам бола-чақаларини қариндош-уруғлари қарамоғида қолдириб сафарга отланяптилар.

Уларнинг энг омади чопганлари энага, уй хизматчиси, ошхона ва кафеларда фаррош, идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлашса, кўплари далаларда деҳқончилик қилишади, сабзавот омборларида саралаш ишлари билан шуғулланишади.

Кўча-кўйларни супураётган ўзбегу тожик аёлларнинг ҳам саноғи йўқ.

Эрлари билан ишлашга келган аёллар пулни тежаш мақсадида ҳамқишлоқ йигитларнинг бир хонали квартиралари ошхоналарида ётиб туришади.

"Эрим билан икковимиз бир хонани ижарага олишга кучимиз етмайди. Ойига 12 минг ижара пули. Шунга ҳамқишлоқлар билан яшаймиз. Ҳаммаси ёш-ёш болалар. Ўзи уйга фақат кечқурун қайтамиз-ку. Кечки овқатимиз "обший", еймизу ухлаймиз, ҳамма ўз иши билан овора", дейди Мавжуда опа исмли ватандошимиз.

Самолётдаги суҳбат

Шу йилнинг феврал ойида Ватандан Россияга сафар чоғи Ҳадиса опа исмли 40 ёшлар чамасидаги аёл билан самолёт ўриндиғида ёнма-ён ўтириб қолдик. Йўл-йўлакай, ундан-бундан суҳбатлашдик. Россияга қачондан бери келасиз, нима иш қиласиз? - деб сўрадим.

-Э, ука, беш йилдан ошди, келиб кетаман. Питерда ҳам, Волгоградда ҳам бўлдим. Қилмаган ишимнинг ўзи йўқ. Мясокомбинатда ишладим, базада сабзавот сортировка ҳам қилдим, далада ҳам ишладим. Ўтган йили қишда Москвада қор қурадик. Ҳаво совуқ...учи ўткирланган арматурани ерга уриб, муз кўчирамиз. Бўларим бўлди, ароқ ичишни ҳам ўргандим. Жонингдан совуқ ўтса, иложинг йўқ, ичар экансан. Тирикчилиги қурсин,- дея ҳасрат қилди.

Эртага нима бўлади?

Асли касби ўқитувчилик бўлса-да, бугун Россияда сувоқчилик қилаётган Аваз исмли муҳожир аёлларнинг мардикорлик қилишлари келажакда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин деган фикрда.

"Биз буёқда эркагу аёл тентираб юраверсак, қариндошларимиз қўлида қолаётган болаларимизнинг тарбияси нима бўлади? Ўзи ота тарбиясини олмай катта бўлаётган болалар энди оналаридан ҳам узоқда. Улар келажакда ким бўлишади. Наҳотки улар ҳам бизга ўхшаб мардикорликка келишса", дея хавотир билдиради у.

Россияга мардикорликка келаётган аёлларнинг орзу-мақсадлари ҳам турлича. Биров уй-жой қилиш, биров фарзандларини оёққа турғазиб олиш илинжида.

Кимдир бегона юртда эрининг иссиқ - совуғидан хабардор бўлиш мақсадида юрган бўлса, кимдир рўзғорга қийналганидан мусофирчиликка рози бўлаётганини айтади.

Муҳожирларнинг деярли аксариятини боғлаб турадигани эртанги куннинг умиди дейиш мумкин.

"Бир кун эмас, бир кун яхши бўлиши керак, бир умр мардикор бўлиб ўтмасмиз, ахир. Кўпга келган тўй экан", дейди уч фарзандини онасига ташлаб келиб, Москвадаги ресторанларнинг бирида идиш-товоқ ювувчи ўзбекистонлик Солиҳа.

Солиҳанинг эри ҳам Россияда ишлайди, Москвада иш тополмаганидан Якутскга кетиб қолган.

"Кўришмаганимизга бир йилдан ошди...Ватанга қайнсинглимнинг тўйига боргандик. Шунда кўришдик. Нима қиламиз энди, катта оиламиз, ўзимизнинг ҳам фарзандларимиз бор, уларни ўқитасиз, тўй қиласиз, уй қурасиз..."

BBCUZBEK Maxsus loyihasi -

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.