Тожикистонда Қуръоннинг энг кичик нусхаси намойиш қилинди

Тожикистон Миллий кутубхонасида мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръоннинг ноёб нусхаси сақланмоқда. Кутубхонанинг шарқ қўлёзмалари ва ноёб китоблар бўлимидаги Қуръоннинг оғирлиги 1,6 грамм, узунлиги 1,8 см, эни 1, 2 смни ташкил этади.

Қуръоннинг жажжи нусхаси Миллий кутубхона кўргазмасида намойиш қилинмоқда.

Ноёб китоблар бўлими раҳбари Ражабали Додихудоевнинг айтишича, Қуръонда 292 саҳифа бўлиб, ҳар бирида 12 қатор мавжуд.

Мутахассисларга кўра, ушбу ноёб Қуръон ўтган аср бошида Қозонда ягона нусхада чоп этилган.

Жаҳонда Қуръоннинг ноёб нусхалари саноқли. Бундан олдин Татаристон пойтахти Қозонда "Ҳазрати Усмон Мусҳафи" деб аталадиган энг қадимги Қуръондан олинган кумуш нусхалар намойиш қилинган эди. Асли Петербургдаги музейда бўлган Қуръон қўлёзмасидан олтин нусха ҳам олинган.

"Кумуш Қуръон" нусха олинган Усмон Қуръонининг бир қисми эса Ўзбекистонда сақланади.

2015 йил Британиянинг Бирмингем Университети кутубхонасида дунёдаги энг қадимий Қуръон нусхаси борлиги аниқланганди.

Тарихчиларга кўра, бу қадимий "Қуръон" нусхаси VII аср ўрталарида ёзилган.

"Қуръон" саҳифалари устидан ўтказилган махсус текширувлар эса, унинг Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) замондошларидан бири томонидан битилганини кўрсатган.

Аён бўлишича, қарийб ярим асргача ҳеч ким унинг университет кутубхонасида сақланаётганини билмаган.

Мутахассислар фикрича, ҳозиргача топилган "Қуръони Карим"нинг қадим қўлёзмалари ислом тарихининг ноёб дурдоналаридан бири сифатида ўрганилиши керак.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.