Олма отадаги ҳужум 'салафийлар'нинг ишими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Олма ота Қозоғистоннинг молиявий маркази ва иккинчи йирик шаҳри бўлади

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси қўлга олинган икки гумондордан бирининг салафийлар оқими тарафдорларига алоқасибўлиши мумкинлигини айтган.

Владимир Жумакановнинг бу сўзлари президент Нурсултон Назарбоев бошчилиги остида бўлиб ўтган хавфсизлик кенгаши йиғини чоғида янграган.

Аммо Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг раиси бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

У "Биз бу маълумотларни текшираяпмиз", - дейишгина билан кифояланган, холос.

Олма отадаги ҳужум кеча душанба куни амалга оширилган.

Ҳужумда Қозоғистоннинг иккинчи йирик шаҳри Олма отадаги полиция ва хавфсизлик идораси нишонга айланганди.

Ҳодисада уч полиция зобити ва икки тинч фуқаро қурбон бўлган, саккиз киши турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳужумни "террорчилик амали", деб атаган.

Мамлакат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси кеча душанба кунининг ўзида Олма отадаги ҳужум билан алоқадорликда икки кишини қўлга олган.

Қўмита амалга оширган ҳибслари ортидан расман "аксилтеррор амалиётлари" якун топганини эълон қилган, террор таҳдидини ўта юқорисидан ўртачага туширганди.

Гумондорлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужумлар билан алоқадорликда икки киши ҳибсга олинган

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, биринчи гумондор куппа-кундуз куни Олма ота шаҳрида машина олиб қочиш ва полиция идорасига ҳужум қилиш чоғида бир тинч фуқарони ўлдиришда айбланмоқда.

Бунинг ортидан, бир полиция зобитининг умрига зомин бўлиб, унинг қурол-яроғларини қўлга киритишда гумон қилинмоқда.

Хабарларда полиция идорасига ҳужум чоғида яна бир одам ҳам қурбон бўлгани айтилганди.

Гумондор қўлга олинишидан аввал изидан тушган икки полиция зобитини ҳам отиб ўлдиришга муваффақ бўлган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, 27 ёшли биринчи гумондор бундан аввал ҳам судланган шахсдир".

"Бундан ташқари, у ўтган дам олиш кунларида бир аёлни ўлдиришда ҳам гумон қилинаётган бўлган", - дея маълум қилган Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги.

Вазир, ўз ўрнида, ҳодисада ўлдирилган бир аёлнинг Ўзбекистон фуқароси эканини аниқлаганликларини ҳам билдирган.

Аммо вазирлик иккинчи гумондор ҳақида жамоатчиликка маълумот беришга шошилмаётир.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисига кўра, "биринчи гумондор айнан ўғрилик ва қурол-яроққа ноқонуний эгалик айблари билан қамоқ жазосини ўтаётган пайтда "Салафий" оқими тарафдорлари билан алоқа қурган бўлиши мумкин".

Оқтўбе

Ўтган ой Қозоғистоннинг шимолий-ғарбий Оқтўбе шаҳри ҳам ҳалокатли отишмаларга саҳна бўлганди.

Айни шу ҳужумлар ортидан шу пайтгача Қозоғистон "ўртача террор таҳдиди" остида қолаётганди.

5 июнь куни бир неча шахс Оқтўбе шаҳридаги қурол-яроғ дўконлари ва ҳарбий қисмга ҳужум қилишган.

Оқибатда 5 тинч фуқаро, 3 ҳарбий ҳалок бўлганди.

Ўтказилган аксилтеррор амалиётлари натижасида ҳужумчилардан 13 нафари ўлдирилгани, 9 таси қўлга олингани хабар қилинганди.

10 июнь куни гумонланувчилардан яна 5 нафари ўлдирилган.

Қидирув эълон қилинган шахслардан уч нафари 12 июнда тутилган.

Яна бир неча киши қидирилаётгани айтилганди.

Оқтўбе ҳодисалари Қозоғистон мустақиллигидан кейинги энг қонли ҳужумлардан бири бўлганди.

Аммо шу пайтгача бу ҳужумлар учун масъулиятни бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.

"Салафийлар"

Президент Назарбоев Оқтўбедаги ҳужумларда "Салафий" жангариларни айблаганди.

Оқтўбе хавфсизлик идораси раҳбари Нурлан Кидирбаев эса, вилоятдаги "Салафий" оқими тарафдорларининг сони 1565 кишини ташкил этиши, шулардан 90 га яқини потенциал "жиҳодчи" ҳисобланишини билдирганди.

"Салаф" сўзи "ўтмиш" ё "аввалги" маъносини бериб, салафийлар Ислом динини Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ва унинг сафдошлари тушунган тарзда тушунишни истайдилар, ҳамда Қуръонни символик талқин қилиш усуллари ва мусулмон дунёсига Ғарб билан юз берган алоқалар асосида кириб келган янгиликларни рад этадилар.

Ҳаттоки, минтақадаги аксарият қўшни давлатлар билан қиёсланганда ҳам, Қозоғистон яқин-яқингача нисбатан тинч бўлиб келган.

Аммо Қозоғистоннинг ҳам асосий экспорт хом-ашёси бўлган нефть нархларининг кескин пастга тушиб кетиши, ижтимоий нотенгликлар ва қўшниси Россиядаги сўнгги иқтисодий бўҳрон аҳолининг муайян қатламлари орасида норозилик туйғуларини кучайтирмай қолмаган.

Жанубий Олма ота шаҳри 1997 йилга қадар Қозоғистоннинг пойтахти бўлиб келган.

Сўнгра Қозоғистон пойтахти шимолий Остона шаҳрига кўчган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.