Душанбеда Россия аскари устидан маҳкама бошланди

Россия ҳарбийси Душанбе маҳкамасида
Image caption Шербаков айбига иқрор бўлган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган

Урал ҳудудий кўчма ҳарбий маҳкамаси сешанба куни Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси зобитига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаган.

Душанбеда ўтаётган маҳкамада рус аскари Иван Шербаков душанбелик 22 ёшли Шоира Жобировани шафқатсизларча ўлдиришда айбланмоқда.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Анора Саркорованинг хабар қилишича, маҳкама ёпиқ тартибда, журналистларнинг иштирокисиз ўтмоқда.

Терговга яқин манбаънинг Би-би-сига айтишича, жиноят иши материаллари айбланувчи ва жабрланувчига оид шахсий маълумотларни ўз ичига олгани учун журналистларни маҳкамага қўймаслик ҳақида қарор олинган.

Аммо оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳукмни эълон қилиш жараёнига таклиф этилиши кутилмоқда.

Иван Шербаковга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 105-модда, 2-банди (оғир ҳолатда қотиллик содир қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Рус зобити айбига иқрор бўлган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган.

Шоира Жабборова ўтган йили 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси ўлдирилган.

Image caption Шоира Жабборова ўтган йили 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси ўлдирилган

Унинг қаттиқ дўппослаш излари бўлган жасади Россия ҳарбий базаси яқинидаги ахлатхонадан топилган.

Тергов жараёнини тожикистонлик ва россиялик терговчилар олиб боришган.

Айбланувчи жосуслик полкида командир вазифасини ўтаган.

Қотиллик содир этилган куни қурбон россиялик зобит билан ҳарбий шаҳарчага келган ва назорат-ўтиш нуқтасида ҳужжатларни текшириш жараёнида ўзини ҳарбийнинг хотини деб таништирган.

Терговнинг фарази бўйича икки ёш тортишиб қолишган; марҳума пул талаб қилган, аммо Шербаковнинг пули бўлмаган.

Даҳанаки жангдан сўнг дўппослаш бошланган ва аёл оғир жароҳат олган.

Аввалроқ рус зобити марҳумани жинсий зўрлашда айбланганди.

Аммо суд-тиббиёт экспертизаси қотиллик содир этилган тунда улар жинсий алоқада бўлишмаганини аниқлаган.

Терговнинг маълумотларига кўра, марҳума гиеҳванд модда таъсирида бўлган ва шу боис ҳам рус зобити уни дўппослаган пайти қаршилик кўрсатиш ё-да ёрдамга чақиришга кучи етмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.