Ўзбекистон Роғун бўйича яна хавотир билдирди

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши бўйича хавотирларини Тожикистонга яна бир бор изҳор этган.

Ушбу хавотир расмий Душанбе Италиянинг Salini Impregilo ширкати билан Роғун электр станциясини қуриш ҳақида келишув имзолагани орқасидан кузатилмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 июлда тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодага юборган мактубида:

"Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳа экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақасини кенг миқёсдаги хавф остида қолдириши тасдиқланди. Бу хавотир қўшни мамлакат раҳбарлари ва мутахассислари томонидан кўп маротаба таъкидланган ва Тожикистон ҳукумати бу ҳақда хабардор этилган.

Айнан шу боисдан бу лойиҳа улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатар туғдиришини англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечди", дейилади.

Роғун ГЭСи ўтган асрнинг 70 йилларида, совет гигантоманияси йилларида ишлаб чиқилган ва бугунги замонавий талаб ва тажрибалар орқасидан тўлиқ қайта кўриб чиқишга муҳтож. Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган", - таъкидланади мактубда.

Ўзбекистон Бош вазири хатида Тожикистонни Роғун ГЭСи қурилиши "тўғрилаб бўлмас оқибатлар"га олиб келиши мумкинлиги огоҳлантирилади.

"Тожикистон ҳукумати мамлакат энергия таъминотидаги мушкул муаммоларни Тожикистон ҳудудидаги кўп сонли дарё ва сув манбаларидан фойдаланган ҳолда кичик ва ўртача ГЭСлар қуриш йўли билан ҳал этиш мумкинлигига барча асосларимиз бор. Бизга маълумки, бундай истиқболли дастур Тожикистонда аллақачон амалга оширилмоқда" дейилади шунингдек.

Ўзбекистон бир неча йиллардан бери Роғун ГЭСи ва Қамбарота сув омборлари қурилиши асоратлари тўғрисида хавотир билдириб, қўшни давлатларни бу лойиҳалардан воз кечишга чақиради. Бироқ Тожикистон ва Қирғизистон сув-энергия муаммоларини шу йўл билан ҳал қилишни айтади.

20 июлда Россиянинг Сочи шаҳрида табиий фалокатларни ўрганиш масаласига бағишланган халқаро анжуман иш бошлайди. Анжуманда 14 мамлакат геофизиклари иштирок этишади.

Ўзбекистон вакили учрашувда Роғун ГЭСи унинг минтақага таъсири тўғрисида чиқиш қилиши кутилмоқда.

Бундан аввалроқ ўзбекистонлик эксперт Бахтиёр Эргашев Мўғулистон сув-электр муаммоларини ечишда Селенге дарёсидан фойдаланиш учун қурилишлар мўлжаллагани ва Россиянинг бунга салбий муносабатига изоҳ бериб, ниҳоят Россия Ўзбекистоннинг хавотирларини тушунишига имкон туғилди, деб ёзди.

Тожикистонлик мутахассис Георгий Кошлоков эса Бахтиёр Эргашевнинг фикрларини "саводсизлик"ка йўйиб, Роғун ГЭСи минтақа учун умуман зарарсиз эканини таъкидлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.