ИШИД ўзбекча радиоэшиттиришларни бошлади

Афғонистон
Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ИШИДга байъат келтирган

Афғонистон шарқида ИШИД томонидан дастаклангани айтилган ўзбек тилидаги радиоэшиттиришлар эфирга узатила бошланган.

"Халифат овози" радиоси 15 июл кунги дастурида "тингловчи"лардан экани айтилган шахс билан суҳбатни эълон қилган.

Унда радио бошловчисининг "Шом (Сурия-таҳр)да Халифалик ўрнатилди. Шариат ва Халифат ҳукмронлиги остида яшашни истайсизми?" деган саволига "тингловчи" "албатта, иншоолоҳ, биз Халифалик остида яшашни истаймиз" деб жавоб беради.

"Халифат овози" эшиттиришларини Афғонистон шарқида эшитиш мумкин бўлган, аммо радиостанциянинг ўзи қаерда жойлашгани ва унинг дастурлари қанча ҳудудни қамраб олиши ҳақида маълумот йўқ.

15 июл кунги дастурда шунингдек, Исломий давлат гуруҳи воизи экани айтилган Шайх Абу Муҳаммад ал-Аднаний аш-Шомга нисбат берилган араб тилидаги аудио баёнотнинг ўзбекча таржимаси ҳам эфирга узатилган.

Афғонистон расмийлари ИШИДнинг ўзбек тилидаги радиоэшиттиришлари юзасидан ҳозирча бирон изоҳ беришмаган.

Шу йил бошида Суриядаги ИШИД Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий минтақаларида ўз вилоятига асос солганини даъво қилган эди.

2014 йил сентябрида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Усмон Ғозийнинг ҳаракат ИШИД га байъат келтиргани айтилган баёноти эълон қилинган.

Шундан буён Афғонистонда қайта фаоллашган ўзбек жангарилари билан Толибон ўртасида қақшатқич тўқнашувлар юз берган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ва гаровга олиниб, кейинроқ озод этилган афғонлар ўзбекистонлик жангариларнинг шафқатсизлигини алоҳида таъкидлашади.

Афғон расмийлари мамлакатдаги ИШИДни буткул тор-мор этганликларини айтишган, аммо сўнгги пайтларда юз берган қатор жанглар ИШИД Афғонистонга ҳануз таҳдид эканини кўрсатган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Яқин Шарқда бўй кўрсатган жангари гуруҳлар минтақага хавф солишини айтган.

АҚШдаги тадқиқот гуруҳининг маълумотларига кўра, Сурия ва Ироқдаги ИШИД сафларида 500 га яқин ўзбекистонлик жанг қилмоқда.

Ўзбек расмийлари бу борада бирон рақамни беришмаган.

Яқин Шарқдан қайтгани айтилган ўзбекистонлик бир неча шахс устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.