Афғонистон: 2016 йилда рекорд даражада кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган

Яраланган Афғон бола Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бирлашган Миллатлар ташкилотига кўра, бу борадаги вазиятни ўрганиш бошланган 2009 йилдан буён Афғонистонда рекорд даражада кўп тинч фуқаролар ҳалок бўлганлар.

БМТ, 2016 йилнинг биринчи ярмида 5166 тинч фуқаро ҳалок бўлган ёки жароҳатланган, дейди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, йил бошидан буён 1600 инсон ҳаётдан кўз юмган, 3500 киши яраланган.

Агар 2015 йилга солиштирганда тинч аҳоли орасидаги талофот 4 фоиз кўпайган.

БМТ мамлакатда болаларнинг ўлими ҳам рекорд даражада бўлганини "шармандали" дея таърифлайди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида зўравонликлардан 1500 бола жабр кўрган.

388 бола ҳалок бўлган деб кўради халқаро ташкилот.

Афғонистонда қўлида қурол бўлмаган инсонларнинг жабр кўриши вазиятини ўрганиш бошланган 2009 йилдан 2016 йилнинг 30 июнигача 64 минг киши зўравонлик қурбони бўлган.

Қарийб 23 минг инсон ҳалок бўлди, 41 мингга яқин киши яраланди, дейди БМТ.

Бирлашган Миллатлар ҳисоботида тинч аҳоли вакиллари ибодат пайти, иш, ўқиш ва ҳатто шифохонага ташриф буюрган пайтлари ҳаётдан кўз юмганлари айтилади.

Тинч одамлар ҳукумат ва ҳукуматга қарши урушаётган қуролли гуруҳлар ўртасидаги жангларда қурбон бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уларнинг 60 фоизи аксилҳукумат кучлардан жабрланганлар.

Аммо БМТ ўз ҳисоботида Афғонистон ҳукумат кучларининг амаллари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ўлиши ёки яраланиши ҳолатлари кўпайиб бораётганини қайд этади.

Портлашлар ва тинч аҳоли вакилларига ҳужумлар Афғонистонда мунтазам юз беради.

Энг сўнгги ҳужум мамлакат пойтахти Кобулда 23 июл куни рўй берди.

Электр линияси қурилиши лойиҳасига қарши ташкил қилинган норозилик намойишига кўп сондаги Шиа Ҳазора миллати вакиллари тўпланган пайтда худкуш ҳужумчилар ўзларини портлатганлар.

Оқибатда 80 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 230 киши яраланди.

Ҳужум учун масъулиятни ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ зиммасига олиб баёнот тарқатди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг