Тожикистонда россиялик аскар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

Россиянинг Тожикистондаги 201- ҳарбий базаси Ҳатлон вилояти Қўрғонтепа шаҳрида шартнома бўйича хизмат ўтаётган рус аскари ўлимини тасдиқлаган.

Расмийларнинг билдиришича, содир этилган ҳодисага маиший низо сабаб бўлган.

Дастлабки маълумотларга биноан, россиялик шартнома асосидаги аскар шаҳардаги кўнгилочар бинолардан бирида келиб чиққан тўполонда ўлдирилган.

Маҳаллий яшовчилар ва аскар ўртасида даҳанаки жанг жанжалга айланиб кетган. Ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

"Воқеа маиший характерга эга. Аскарнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Суриштирув ишларини Россия базаси раҳбарияти ва Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари биргаликда олиб боришмоқда", деб айтган Марказий ҳарбий округ вакили Би-би-сига.

Тожикистондаги россиялик ҳарбийларнинг ҳаракатлари бундан олдин ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган ва маҳаллий аҳолининг норозилигини уйғотганди.

Июл ойи охирида Душанбеда ҳарбий аскар Иван Щербаков 22 ёшли Шоира Жобированинг ўлимида айбдор деб топилиб, қамалган.

Ўтган йил августида Душанбе шаҳрида тожик такси ҳайдовчисининг ўлимини содир этганликда айбланган россиялик аскарлар Федор Басимов ва Ильдар Сахапов озодликдан маҳрум этилганлар.

Шунингдек, 2015 йил июлида Кўлобда ҳарбий хизматни ўтаётган россиялик аскарлар спиртли ичимлик таъсирида маҳаллий аҳоли билан жанжаллашган, уларнинг шаънига ирқчилик мазмунидаги ҳақоратлар айтганлар.

Кузатувчилар фикрича, бу каби ҳодисаларни камайтириш мақсадида Россиянинг ҳарбий қисмлари Кўлобдан кўчирилган.

201 ҳарбий база Россия қуролли кучларининг мамлакатдан ташқарида мавжуд энг йирик базаларидан бўлиб, унинг бўлимлари Душанбе ва Қўрғонтепада жойлаштирилган.

Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиш муддати 2012 йил октябр ойида 30 йилга узайтирилган эди.

Томонлар ҳарбий базанинг сақланиши минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш омилларидан деб айтганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.