Қиз ўғирлаш анъанами ва ё жиноят?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Анъана

Айрим урф-одатлар, анъаналар бир эмас, уч, тўрт юз йил ҳам яшаб қолиши мумкин.

Замонавий қонунчиликда жиноят саналса ҳам, масалан, Марказий Осиёнинг айрим давлатларида "қиз ўғирлаш" ҳамон сақланиб қолганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистонда бу анъана ўта оз учрайди, аммо қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда шу кунлар ҳам қизларни бўлажак куёвлар олиб қочишаётган экан.

Мухбирларга кўра, "қиз ўғирлаш" анъанаси бу давлатларда бироз ислоҳ қилинган.

Яъни, ўғирланадиган қизлар билан аввалдан аҳдлашиш, келишиб олиш ҳолатлари ҳам талайгина, қолаверса, баъзи ҳолатларда буни фақат анъанани сақлаб қолиш учун "хўжакўрсинга" ўтказишмоқда.

Аммо Қирғизистон ва Қозоғистонда қизларни ҳеч бир келишувсиз олиб қочиш, турмушга мажбуран бериш ҳолатлари ҳали ҳам учраб туради.

Яқинда Олма-ота шаҳрида ана шундай нохуш воқеа рўй бергани хабар қилинди.

Шаҳарнинг қоқ марказидан эндигина мактабни битирган 18 ёшли Жулдиз Ерманова ўғирлаб кетилди.

Бу ҳақдаги хабар яшин тезлигида ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Интернет фаоллари бу ёш қизни қидириб топишда бир-бирлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилишган.

Фойдаланувчилар ҳатто "эскилик сарқити" қурбони бўлган қизни излашга Миллий гвардияни жалб этилишини талаб қилишган.

Полициячиларни жиноятчиларга қаттиқўл муносабатда бўлишга ундашган.

Соломон исмли фойдаланувчи шаҳарда камералар ўрнатилиши керак, деб ҳисоблашини айтган.

"Ҳар йили асфальт ётқизавермасдан акиматдан (ҳокимият) камералар ўрнатилишини талаб қилиш керак "

"Кеч бўлмасидан аввал экстрасенсларга ёрдам мурожати қилиш керакдир", деб сўрайди Бабушка исмли бошқа бир фойдаланувчи.

Милашка исмли фойдаланувчи:"Жудаям гўзал қиз экан! Балким уни келин қилишга ўгирлашган? Эсон-омон қайтса бўлгани…"

Август ойининг биринчи кунида ғойиб бўлган Жулдиз орадан икки кун ўтиб уйига қайтган.

Хабарда келтирилишича, Жулдиз ҳақиқатдан ҳам "қиз ўғирлаш" қурбони бўлган.

Қиз турмушга чиқишга рози бўлмагандан сўнг ва "ўғри куёв"нинг ота-онаси ҳодиса атрофидаги шов-шувлардан қўрқиб қолишгани сабабли қизни қўйиб юборишган.

Фойдаланувчилар қиз топилганлиги тўғрисидаги хабардан мамнун бўлишган ва "ўғри куёвни" қоралашган.

Қизнинг оиласи эъса ўз навбатида "ўғриларга" қарши жиноий иш қўзғатилишини талаб қилмасликларини ваъда беришган.

Шунга қарамай куёвни жазога тортилишини талаб қилганлар хам топилган.

"Бу нима диган гап? Ахир 21-асрда яшаяпмиз! Бундай куёвларни қамаш керак", деган Alende.

Er bol: "Одам ўғирлашда айблаб қаматиш керак, мени ҳам қиз фарзандим бор, бунақанги аҳмоқлар озодликда сайр қилиб юришларига қаршиман. Калласини сапчадак узиб ташлар эдим".

"Қилган иши жазосиз қолганини кўриб бу шахс бошқа қизларни ҳам ўғирлаши мумкин. Қизнинг ота-онаси бошқа қизларни ўйлаб, унинг устидан жиной иш қўзғатилишини талаб қилгани маъқул", дейди a999.

Фойдаланувчи Quest эса "Тушунмаганлар учун бу ёввойилик. Мен ҳам ўғирлаганман, мени учта опамни хам ўғирлашган, бу фожеа эмас ҳаммамиз бахтиёрмиз ва фарзандликмиз", деб ёзган.

•Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар