Остона: Коррупцияга қарши видеокамералар

Остона Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Аён бўлишича, бундан буёғига Остона ҳокимлиги таркибига кирувчи ҳеч бир идора масъули ўз хонасида тадбиркорлар билан бирор бир ҳужжатни имзолай олмайди.

Бундан ташқари, улар билан расмий иш вақтидан ташқарида ҳам учраша олмайди.

Бу ҳақда ҳокимлик расмий веб саҳифасидаги хабарда маълум қилинади.

Хабарда айтилишича, коррупция ҳолларининг олдини олиш учун Остона ҳокимлиги биноси биринчи қаватида махсус хоналар ташкил қилинади.

Бу хоналар кузатув ва овоз ёзиш ускуналари билан жиҳозланади.

Масъул мулозимларнинг тадбиркорлар билан барча учрашувлари айнан шу хоналарда ўтказилади.

Раҳбарларнинг бизнес вакиллари билан қандай иш юритишларига оид бу каби янги талаблар билан Қозоғистон пойтахти ҳокими Коррупцияга қарши курашувчи муассасалараро ҳайъатнинг мажлиси чоғида чиққан.

Расмий хабар тафсилотларидан аён бўлишича, янги тартиб-қоидалар тендерлар ўтказиш, ишларнинг бажарилганига оид актларни имзолаш, ер участкаларини ажратиш ва шаҳардаги бутун қурилиш жараёнларини қамраб олади.

Аммо Остона ҳокими биргина шу хабарларнинг ўзи билан чекланиб қолмаган.

Одоб-ахлоққа ҳам риоя этинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Асет Исекешев мажлис чоғида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтларида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишлари лозимлигини ҳам урғулаган.

Жумладан, улар хизмат машиналаридан шахсий мақсадларда фойдаланмасликлари лозимлигини алоҳида таъкидлаган.

Ҳоким жанобларига кўра, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун поймол этилган ҳар бир ҳолат учун ўша идора раҳбарининг шахсан ўзи жавоб беради.

Асет Исекешевнинг айтишича, "бунга ўхшаш амаллар халқ кўз ўнгида бутун ҳокимликнинг обрўсини тўкади, уларнинг давлат идораларига бўлган ишончларига путур етказади".

"Худди шу боис ҳам, кўзда тутилаётган барча бу чоралар раҳбар шахслар ва давлат идоралари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун зарур".

Транспэренси Интернейшнл" халқаро ташкилотининг дунё мамлакатларидаги коррупция ҳоллари бўйича рўйхатида Қозоғистоннинг номи илк бор 1999 йилда пайдо бўлган.

Халқаро ташкилотнинг ўтган йилги сўнгги ҳисоботида эса, Қозоғистон коррупция даражаси бўйича жаҳоннинг 167 давлати орасидан Қирғизистон билан бирга 123-ўринни эгаллаган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, шунда ҳам бу қолган Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши натижа бўлади.

Қозоғистонда коррупция, айниқса, нефть соҳасида ривожлангани, аммо таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ҳам каби ҳоллардан мустасно эмаслиги айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг