Дабдабали никоҳ ўрнига хайрия

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида яшовчи Темирлан Токоев ўзининг никоҳ тўйида ортиқча дабдабадан воз кечиб, унинг ўрнига 60 нафар муҳтож оиланинг фарзандига мактаб учун керакли ўқув қуроллари ва папкалар совға қилди.

30 июл куни бўлиб ўтган тўйда йигит Ўшдаги қишлоқлардан биридаги 60 нафар муҳтож оиланинг фарзандига мактаб учун керакли ўқув қуроллари ва папкалар тарқатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ёш оиланинг бу саҳовати ижтимоий тармоқларда олқишланиб, келин-куёвга бахт тилаганлар.

Бундан икки кун олдин Нестан ва Азат Амановлар ҳам серҳашам тўй ўрнига хайрия акцияси ўтказиб, 25 болани мактабга тайёрлаганлари хабар қилинган.

Хайрия тадбири Бишкекдаги Қирғиз-Турк университети масжидида ўтказилган.

Акция қатнашчилари масжидлар фақат ибодат қилиш учун эмас, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги маркази бўлиши лозимлигини таъкидлаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.kg

Дабдабали никоҳ тўйи ўрнига, хайрия қилиш ўзбекистонликлар орасида ҳам кенг муҳокама қилинган. Маслаҳат.уз саҳифасидаги постда изоҳ қолдирганлар Ўзбекистонда ҳам кундан-кун дабдабалашиб бораётган тўйлар, исрофгарчиликлар ўрнига, шундай савобталаб инсонларнинг амаллари оммалашса яхши бўлишини айтганлар.

Офтобхон Улугбековна "унча мунча одамни кулидан келмайди. Тасанно!"- дейди Фейсбукда.

"Барака топсин, авлодларидан Айтматовдек машхур ёзувчилар етишиб чиксин!"- тилак тилдиради Nurbek Yuldashev.

"Бизда 10 та Галентвагенни ва битта туйхонани пулига 5000 та папка олса булади. Лекин ...", деб ёзади Jurabek Turdiyev .

Отабек Иргашев исмли фойдаланувчи "Биздаям кимдир шунака ташаббусни бошласа такрорланиб кетуврардими...?афсуски биз жамиятимизда кабул килинган кераксиз урф-одатлардан осонликча кутуладиган халк эмасмиз.катта туй килиб хаммани едириб-ичиришимиз, артис зотини янада бой килишимиз, хуллас карзга ботиб бўсаям жамиятдаги урнимизни йукотмаслигимиз (беъманилик) керакку!", дея киноя қилади.

Shaxboz Musayevнинг "биздаям шунақа мардлар бормикин. Қирғиз, турк биродарларимиз бошлаб берибди...", деган фикрига

Анвар Саъдуллаев "Унинг учун хотиндан, қайнона қанотадан, ота-онадан, қариндош-уруғдан, маҳалла кўздан, узоқ-яқиндан, бутун 32 миллион аҳолимиздан рухсат олиш керакда", деб жавоб қайтаради.

Timur Ahmedov эса "Ҳозирги қизлар рози бўлармикин бундай шартларга?", деган саволни қўяди.

Отабек Иргашевнинг ёзишича, "Бутун республикамиз бўйлаб ҳар бирисини пулига цехлар, фабрика-заводлар кўрса бўладиган тўйхона аталмиш ресторанларни кўрдим. Бизнинг бойлар пул топишнинг энг Осон йўли тўйхона қуриш эканлигини яхши билишади. Айниқса ўзбек учун тўй ҳаётида муҳим нарса сифатида қаралгандан сўнг. Биз беъмани тўйларимизни қисқартирмас эканмиз муаммолар гирдобидан қутулолмаймиз!"

2015 йил ёзида Туркиянинг Сурия чегарасига яқин Килиш вилоятидаги никоҳ тўй жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққатига тушган эди. Туркиялик келин-куёв ўз ҳаётларидаги бахтли ҳодисани 4000 Cурия қочқинини тўйдириш билан нишонлашганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Serhat Killis Gazetasi

Одатда турк тўй маросимлари бир неча кун давом этиб, охирги кун катта базм -зиёфат билан тугайди. Бироқ анъанавий дабдабали дастурхон ўрнига Фатҳулла Узумчиўғли ва Эшра Пўлат Суриядан фуқаролар уруши оқибатида чегарадош ҳудудда бошпана топган минглаб қочқинларга озиқ-овқат тарқатишган. Мискин ва муҳтожлар билан нон бўлашиш ғояси куёв боланинг отаси Али Узумчиўғлидан келиб чиққан. У бошқалар улардан ўрнак олиб, суриялик биродару опа-сингиллар билан тўй зиёфатларини бирга бўлашишларига умид билдирганди.

Келин ва куёв бошқаларни бахтли қилиш ўзлари учун катта ифтихор эканлигини айтганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали
  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.