Хитойликлар Тожикистон ГЭСларига қизиқиш билдирмоқда

Тожикистондаги Нурек ГЭСи

Хитойдаги масъуллар Тожикистон билан гидроэнергетика, қуёш қуввати ва бошқа қайта тикланадиган қувват манбалари бўйича ҳамкорлик қизиқишини билдирмоқдалар.

Тожикистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Хитойдаги "Харбин" корпорацияси Тожикистондаги гидроэлектр лойиҳаларида иштирок этиши мумкинлигини айтган.

Бу ҳақда журналистларга Хитойнинг Хэйлунцзян вилояти расмийлари айтганлар.

Хитой расмийлари Тожикистонда ГЭС, енгил саноат корхоналари қурилишида қатнашиш ўзлари учун манфаатли бўлиб кўринаётганини, "Харбин" корпорацияси ана шундай йирик лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишда катта тажрибага эга эканини айтганлар.

Айни пайтда Хитойнинг Anhui Electric Power Design institute Co., Ltd. электр қуввати бўйича тадқиқот институти раҳбарияти пойтахт Душанбеда музокаралар ўтказган.

Хусусан, Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги, "Барқи Тожик" ширкати, Тожикистон Савдо-Саноат палатаси ва идора-ташкилотлардаги учрашувларда хитойлик ва тожикистонликларнинг электр энергетикаси, гидроэнергетика, қуёш қувватидан ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Тожикистондаги қатор лойиҳаларда хорижий сармоядорлар учун имтиёзлар кўзда тутилгани хитойлик меҳмонларга тушунтирилган.

Тожикистон аҳолисининг аксар қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилиши ва агар мамлакатда мавжуд табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш оддий одамларнинг ҳаётини енгиллаштириши мумкинлиги ва Тожикистон тараққиётига хизмат қилиши ҳам айтилган.

Тожикистон тоғли ўлка ва Марказий Осиё сув захираларининг аксари Тожикистон ва Қирғизистонда жойлашган.

Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарияти янада кўпроқ гидро электр станциялари қуриш билан давлат ғазнасини тўлдиришни истайдилар.

Шу мақсадда Тожикистон минтақада энг катта деб кўрилган "Роғун" ГЭСи қурилишини бошлаган.

Аммо Ўзбекистон раҳбарияти йирик ГЭС қурилиши Ўзбекистон деҳқончилигига зарар келтиришини айтади ва минтақа мамлакатлари бундай йирик лойиҳаларни амалга оширишда қўшни мамлакатлар билан ҳисоблашиши лозимлигини урғулаб келади.

"Роғун" ғоясига қарши чиққан Ўзбекистон лойиҳага БМТ, Жаҳон Банки эътиборини жалб қилишга муваффақ бўлган.

Сўнгги йилларда "Роғун" қурилиши суръати пасайган.

Лекин яқинда ҳам Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзодага мактуб юборган.

Бунга Тожикистоннинг Италиянинг Salini Impregilo ширкати билан "Роғун" ГЭСини қуриш бўйича келишув имзолагани сабаб бўлган.

"Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳа экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақасини кенг миқёсдаги хавф остида қолдириши тасдиқланди. Бу хавотир қўшни мамлакат раҳбарлари ва мутахассислари томонидан кўп маротаба таъкидланган ва Тожикистон ҳукумати бу ҳақда хабардор этилган", дея хавотир билдирган Тожикистон бош вазирига йўллаган мактубида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.