Қирғизистон: Мухолифат вакиллари сўроққа чақирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Empics
Image caption Фаоллар Қирғизистон конституцияси ўзгартирилиши масаласини муҳокама этганлар

Қирғизистон конституцияси ўзгартирилишига қарши тузилган мухолифат гуруҳининг баъзи аъзолари ўзларига нисбатан босимлар бўлаётганини айтмоқдалар.

"Эркин эл" сиёсий партияси раҳбари Мавлян Асқарбеков танқидий фикри учун Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилганини айтган.

Ички ишлар вазирлиги эса Мавлян Асқарбеков "президентнинг ўзи ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқармоқда" деган баёноти юзасидангина чақиртирилганини маълум қилди.

Хавфсизлик кенгаши буйруғи

2 августда Бишкекда мухолиф сиёсатчилар ва фуқаровий жамият вакиллари Қирғизистон ҳукуматининг мамлакат конституциясини ўзгартиришга бағишланган ташаббусини муҳокама қилганлар. Мазкур йиғин "Конституция. Қаёққа кетмоқдамиз?" дея номланган. Ўша йиғин якунида конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказишга қарши етти одамдан иборат жамоатчилик гуруҳи тузилиб, уни фуқаровий ҳаракатга айлантириш мақсади олға сурилган.

Ушбу гуруҳга аъзо бўлган Мавлян Асқарбеков мамлакат хавфсизлик кенгашининг буйруғи асосида таъқиб этилаётганини айтади.

"Мен у йиғинда халқаро ташкилотлар ва ҳорижий элчиликларга мурожаат этишни таклиф қилиб, улардан Қирғизистонга ажратилаётган грант ва қарзларни тўхтатишни талаб қилишимиз керак, деганман. Ҳокимият тарафидан қонунларни ва Бош қомусни қўпол равишда бузиш ҳаракатлари бўлаётганини биз уларга тушунтиришмиз кераклигини айтганман. Ҳокимият халқ билан маслахатлашмай, конституцияни ўзгартиришга ҳаракат қилаётгани сабабли, биз бу масалани муҳокама қилиш учун халқ қурултойини ўтказиш масаласини айтдик. Шу каби гапларим учунми, менга нисбатан босимлар кучайди. Ички ишлар вазирлигининг 10-бошқармасидан қўнғироқ қилиб, Хавфсизлик кенгаши буйруғи асосида сизни сўроққа чақираётганларини айтди", дейди фаол.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Мавлян Асқарбеков сўзларини меъёрдан ошириш деб ҳисоблаётганларини, у 19 июлда баъзи Интернет сайтларига берган интервьюсида "президент тинчлик кафолати бўлмай, қайтага ўзи вазиятни издан чиқармоқда" деган айблови борасида тушунтириш сўраш учунгина чақиртирилганини айтган.

Image caption Мавлян Асқарбеков мамлакат хавфсизлик кенгашининг буйруғи асосида таъқиб этилаётганини айтади.

"Асқарбеков президент гаплари бўйича сайтларга уни айблаб, шарҳ берган. Хавфсизлик кенгашидан "унга ҳуқуқий баҳо беринглар" деган қоғоз келибди. Асқарбеков айтгандай "президентнинг гапидан тинчликка хавф солувчи қисмини сиз қаердан эшитдингиз, қайси ери ўшандай экан, кўрсатиб бероласизми?" деган савол учунгина унга қўнғироқ қилишган. Уни бу ҳақда айтганларини ўрганиб чиқишмоқда. Чақириб, дарров қамаймиз, дейилмаяпти" - деб айтган Ички ишлар вазирлиги вакили Медет Иманакунов.

Бўлиб ўтган йиғинда мухолиф кўз қарашдаги сиёсий кучлар фуқаровий жамият вакиллари билан бирга "ҳокимиятни узурпациялашга йўл бермаслик" шиори остида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишганлар. Сиёсатчи Равшан Жээнбеков ҳокимият мухолифатни бирлашувидан хадиксирагани учун, уларни очиқ таъқиб эта бошлади, деб ҳисоблайди.

"Асосан конституция бўйича, референдум ўтказиш ташаббусига қарши қатор сиёсатчилар, фуқаровий жамият ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари бирлашиб, ховлиқаётган ҳокимиятни бир сескантириб қўйди. Улар бундай қаршиликни кутмасдан, референдумни осонгина ўтказишни кўзлашган эди. Шунинг учун энди қўрқитувга ўтиб, аввал Мавлян Асқарбековга босим ўтказа бошладилар. Бошқа сиёсатчиларга ҳам ишорат бериб, "ҳаддингиздан ошсангиз, ўтирғизиб қўйишга тайёрмиз", дейишмоқда. Бу - ҳокимиятнинг қулашидан аввалги ҳайқириғи ва охирги жон талвасаси - дея фикр билдиради сиёсатчи.

Иқтидордаги ҳокимият тарафидан мухолифат вакилларига нисбатан аввалгидек сиёсий таъқиб йўқлиги, унинг барчаси аввалги режимлар пайтида бўлган дея фикр билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ шу йил баҳорида бир неча мухолиф сиёсатчи давлатда инқилоб қилишга тайёргарлик кўрган деган айблов билан қўлга олинган эдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.