Россияда иш ҳақини ундиролмаётган муҳожирлар кўпаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria novosti
Image caption Муҳожирлар

Жорий 2016 йилда Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг иш ҳақини ундиришда турли хил қийинчиликларга дуч келишаётгани ҳақидаги хабарлар матбуотда тез-тез кўзга ташланмоқда.

Жумладан, "Новая газета" ҳафталигида чоп этилган мақолада Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидан мардикорликка келган Салоҳиддин Хуррамов исмли йигит ҳақида сўз боради.

Асли касби иқтисодчи бўлган Салоҳиддин 2009 йилдан буён Москва кўчаларини супурар экан.

Охирги вақтларда ўз маошининг кескин қисқариб кетганидан норози бўлган Салоҳиддин ишга ғирромчилик аралашаётгани борасида ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилган.

Бу иш юзасидан ўтказилган текширувлар натижасида Москвада кўча-кўйларни тозалаётган марказий осиёлик муҳожирлар маошининг каттагина қисми турли ҳийла-найранглар воситасида шу ишга масъул маҳаллий бошлиқлар чўнтагига тушаётгани аниқланган.

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар касаба уюшмаси раҳбари Ренат Каримов уюшма номига жабрдийда мардикорлардан доимий равишда шикоят аризалари тушиб туриши ҳақида Миллий ахборот агентлигига маълум қилган.

Шунингдек, касаба уюшмаси раҳбари муҳожирларнинг иш ҳақини ундириб бериш учун баъзида иш берувчига қўнғироқ қилиб суҳбатлашиш кифоя қилса, баъзан иш юзасидан судга мурожаат қилишга ҳам тўғри келиши ҳақида сўзлаган.

Жумладан, Ростов вилоятида меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида ҳам бундай қаллобликларга дучор бўлаётганлар бор экан.

Тожикистонлик ғишт терувчи усталар Ростов вилоятининг Большие салы қишлоғида икки ой давомида уч қаватли бинони қуриб битказишган. Лекин иш сифати талабга жавоб бермайди деган баҳона билан иш ҳақининг бир қисми ушлаб қолинган.

"Аввал бошданоқ ишимиз ёқмаган бўлса айтишлари керак эди, тўғрими? Икки ой ишладик, охирида ишимиздан камчилик топиб, келишилган пулни беришдан бош тортишди", -дейди улардан бири Фурқат

Қурилиш корхоналарида ишлаётган марказий осиёликлар иқтисодий инқироз сабабли иш ҳақи ўз вақтида тўланмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Абдусами исмли муҳожир шундай ҳикоя қилади:

"Икки-уч ой ишласак, бир ойлик ҳақимизни беришяпти. Қолгани кейин берилар эмиш. Ҳозиргача анча пулимиз йиғилиб қолди. Бу пуллар миқдори кўпайган сайин хавотиримиз ошяпти. Эртага пулимизни беришмаса нима қиламиз?.. Доимий иш жойимиз шу фирма, ташлаб кетсак, бошқа иш топгунимизча мавсум ўтиб кетади. Шунга таваккал қилиб ишлаб ётибмиз".

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳридан мардикорликка келган Салим ака иш ҳақини ундиришдаги қийинчиликлар иш берувчи ва муҳожирлар ўртасида ёзма равишда шартнома тузилмаслигидан келиб чиқяпти деган фикрда.

"Бизникилар деярли ҳаммавақт иш берувчининг "ҳалол лафзи"га ишонишади. "Шу ишни фалон пулга қиласан, фалон муддатда пулингни бераман" деган қуруқ гапга рози бўламиз. Бутун бошли уйларни қуриб берамиз. Қўлимизда шу гапларни тасдиқлайдиган бир ҳужжат бўлса, алданган тақдирда тегишли жойларга арз қилиб, ҳақимизни ундириб олсак бўлади. Ҳужжат бўлмагандан кейин ишни қанчага келишганингизни қандай исботлайсиз? Ҳамма жойда ҳам одамга эмас, қоғозга ишонишади",-дейди Салим ака.

Россия мигратсион қонунига мувофиқ иш берувчи ва ишга ёлланувчи ўртасида шартнома тузилиши керак, аммо...

Жисмоний шахслар томонидан ишга ёлланаётган муҳожирларнинг айтишича, бундай ҳужжатлар тузиш кераклиги кўпларнинг хаёлига ҳам келмайди.

"Ҳар доим шундай, ишни оғзаки келишиб қилаверамиз. Қоғозбозлик қилиб ўтирасизми? Бунга кўпинча иш берувчилар ҳам рози бўлишмайди. Ортиқча бош оғриқ. Бир ой-ярим ой ишлаб кўрамиз, пулимизни вақтида тўлаб турса, давом эттирамиз, бўлмаса ташлаб кетиш мумкин. Кўплар бир ҳафта бир жойда ишласа, келаси ҳафта бошқа жойда ишлайди. Бир ҳафталик иш учун шартнома тузасизми?", -дейди Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан келган уста Равшанбек.

Юридик шахслар қўлида ишлаётган муҳожирлар эса шундай шартномалар тузишга мажбурдирлар. Аммо бу шартномалар талаб қилинган идораларга кўрсатилиши учунгина тузилган бўлиб, кўп ҳолларда муҳожирнинг иш ҳақи шартномада белгиланганига тўғри келмаслиги маълум қилинмоқда.

Ишчилардан бири Қосимжон ҳикоя қилади:

"Қурилишда сувоқчи бўлиб ишлайман. Иш ҳақи ишга қараб. Бир квадрат метр учун 100 рубл тўланади. Корхона билан тузилган шартномада эса бир ойлик маошим 22500 рубл белгиланган. Агар менга иш ҳақимни тўлиқ бермай, 22 ярим минг беришса ҳам ҳеч қаерга шикоят қилолмайман. Менга ўхшаганлар тўлиб ётибди. Шунга рози бўлиб қўл қўйганмиз",-дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар