Тожик муҳожирининг кўзи олиб ташланди

Россияда шифокорлар тожикистонлик меҳнат муҳожири Сулаймон Саидовнинг жароҳатлари туфайли ўнг кўзини олиб ташлашга мажбур бўлганлар.

Муҳожир шу йилнинг 8 апрел куни Москва метросида ҳужумга учраб, бир қанча жойидан яралангани айтилган эди.

Беш фарзанднинг отаси бўлган Сулаймон Саидов яна бир жарроҳликни бошидан ўтказиши керак. Шифокорлар унинг бош миясини ҳимоялайдиган металл пластина ўрнатишлари лозим.

8 апрел куни москвалик Сергей Царев ва Сулаймон Саидов ўртасида вагонда жанжал келиб чиқади. Оқибатда Царев ёнидан тўппонча олиб унга қарата бир неча ўқ узади.

Гумондор ҳодисадан бир соат ўтиб ушланган.

59 яшар Царевга нисбатан "қотилликка уриниш" моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Синдирилган ва майиб қилинган

Сулаймон Саидов яқинларининг айтишича, унинг кўзидаги жарроҳлик амалиёти учун 60 минг рубл кетган. Операция учун маблағ жамоатчилик ташкилоти томонидан йиғилган.

Жабрланувчининг укаси Дилшод Саидовнинг Би-би-сига айтишича, жисмонан соғлом, спортчи, диндор инсоннинг майиб қилиб қўйилганини кўриш яқинлари учун жуда оғир.

"У ҳеч қачон ҳеч ким билан муаммога бормасди. У одамларни, ҳаётни севарди. Унинг миллати, териси, кўзи, сочининг ранги кимгадир ёқмагани учун шу аҳволга солинди, синдирилди. Соғлом эркак кўришдан маҳрум бўлди. Унга доимий бош оғриғи азоб беради. У бошқа спорт билан шуғуллана олмайди, жисмоний иш бажара олмайди", дейди Саидовнинг укаси.

Саидовнинг оиласи унинг даволаниши учун қарийб 100 минг рубл сарфлашди. Дўстлари ва яқинлари пул йиғишга ёрдам беришмоқда.

"Иккинчи жарроҳлик амалиёти бизга 164 минг рублга тушади. Бу маблағни ҳали топишимиз керак. Биз уйга пул юбормай қўйдик. Россияга ўзи тирикчилик учун келганмиз. Ҳозир иш топиш ҳам қийин. Ватанимизда қолган яқинларимиз ўзлари мустақил пул топишга ҳаракат қилмоқдалар энди", деб айтади жабрланувчининг дўстларидан бири.

"Тўрт марта отди"

Сулаймон Саидовнинг ўзи 12 йилдан бери Россияда яшаб келгани, ўзига нисбатан аввал ҳам ҳужум бўлганини айтганди Би-би-сига.

"Мен жияним билан уйга қайтаётган эдик. Менга ҳужум қилган кишига у дастлаб жияним Муҳаммаджон Ҳакимовни турта бошлаганда эътибор бердим. У қаттиқ маст эди. Бизнинг қаердан эканлигимизни билгач, қаттиқ жаҳли чиқиб кетди. Орамизда даҳанаки жанг бошланди. У бизга бақириб, ҳақорат қилганда, биз жим ўтирдик. Кейин у туриб ўқ отди, деб эслайди Сулаймон.

"Камерага бизнинг ҳаракатимиз тушиб қолган, мен ундан қуролини олишга ҳаракат қилган эдим. Шунинг учун полиция бизни урушган деб ўйлади. Станцияга келганда у тўртинчи марта ўқ узди, ўқ менинг қорнимга тегди. Мен шунга қарамасдан ундан тўппончани тортиб олдим. У қочди, мен йиқилдим. Полиция югуриб келди. Улар мени жанжални бошлаган ва қурол меники деб ўйлашди. Бироқ воқеага гувоҳ бўлган бир қиз мени жабрланувчи эканимни, ўз ҳаётимни асраш учун қуролини олганимни айтиб берди", дейди Сулаймон Саидов.

Тожикистон ҳукумати олдинроқ Россиядан ҳодисани адолатли текширишни талаб қилган эди.

Туганмас оқим

Турли маълумотлар бўйича, Россияда миллионга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг аксарияти ёшлар бўлиб, ватанида ишсизлик, етарли иш ҳақи тополмасдан Россияга боришга мажбур бўлганлардир.

Уларнинг кўпчилиги қишлоқлардан келишган, рус тилини яхши билишмайди ва бу ўзга юртда улар дуч келадиган жиддий муаммолар бошидир.

Тожик ҳуқуқ фаоли Ойнахол Бобоназарова фикрича, Душанбе муҳожирларни ҳимояси учун зарур чораларни кўриши шарт. Россия-Тожикистон икки томонлама келишувларга қарамасдан, тожик муҳожирларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди.

Энг даҳшатлиси- ҳукумат фуқаролари ўлими ҳақида сукут сақлайди. Улар касалликдан вафот этишади, сабаби абгор вазиятларда яшашади, яхши овқатланишмайди, шифокорга боришмайди, техника хавфсизлигига риоя этишмайди. Улар ўғирлик қилмаслик, одам ўлдирмаслик учун Россияга пул ишлашга боришади, сабаби ватанида иш йўқ, етарли пул топишнинг имкони йўқ. Ҳукумат муҳожирларни ҳимоя қилиши лозим", дейди у.

Россиядаги тожиклар иттифоқи раиси Абдулло Давлатовга кўра, меҳнат муҳожирлари доимий руҳий ва жисмоний босимларни ҳис қилишади.

Ноинсоний шароитларда яшаб, емай-ичмай, касал бўлиб, ўзларига энг кам пул сарфлаб, ишлаганларини уйларига юборишга ҳаракат қилишади. Россия фуқаролиги йўқлиги ва тиббий ҳимояланмаганлик уларни касалхонада даволанишга имкон бермайди. Россия томони фавқулодда ҳолатларда муҳожирларга ёрдам беришга рози бўлган", деб айтади Давлатов.

Тожикистон ҳозирча Россиядаги меҳнат муҳожирлигидаги фуқароларининг оммавий қайтишига тайёр эмас. Мутахассисларга қараганда, мамлакатнинг депортация қилинган кўплаб фуқаролари ватанида пул тополмай, яна Россияга бориш учун қонунни бузишга мажбур бўлишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.