Хитой ҳалол гўштни субсидия қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matteo Colombo
Image caption Субсидия бериш гўшт нархлари кўтарилганидан сўнг бошланган

Хитой матбуотининг ёзишича, мамлакатнинг қатор минтақаларида маҳаллий ҳукуматлар кам таъминланган мусулмон оилаларининг ҳалол гўшт сотиб олишлари учун ёрдам пуллари ажратган.

Субсидия олаётганлар орасида этник ўзбек оилалари ҳам бор.

Хитойнинг этник масалалар бўйича давлат комиссияси веб саҳифасида чоп этилган маълумотга кўра, ҳалол гўштни субсидия қилиш илк бор 2012 йилда Хитойнинг марказий Хубей вилоятида йўлга қўйилган.

Бунга гўшт нархларининг ошиб кетиши сабаб бўлган.

Шундан сўнг Хитойнинг қатор вилоятлари айни сиёсатни қабул қилган.

Бир ойлик субсидиянинг миқдори жон бошига 10 билан 20 юан атрофида ёки ўртача 1.50 долларни ташкил этади.

Субсидия ҳалол гўшт ейдиган дунган, уйғур, қозоқ, ўзбек ва тожик оилаларига берилади.

Динийми ё иқтисодий?

Хитойнинг инглиз тилида чоп этиладиган Global Times нашрига кўра, 2016 йилнинг биринчи ярмида Хитой шимоли-ғарбидаги Гансу вилояти маркази бўлган Ланчжоуда жаъми 9,501 мусулмон оилалари жон бошига 20 юандан ҳалол гўшт учун субсидия олган.

Нашрнинг Гансу вилоят диний ишлар қўмитаси иқтисод бўлими бошлиғи Коу Цизундан иқтибос келтиришича, бу сиёсат гўшт нархларининг кўтарилиши ортидан қашшоқлик оқибатларини енгиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Мусулмонларнинг кўпчилиги аҳолиси қашшоқ қишлоқ ҳудудларида яшайдилар.

Айни пайтда ушбу қарор Хитойда давлат диний урф-одатларни субсидия қилиши керакми, деган баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Дин ишлари мулозимининг урғулашича, мусулмон бўлмаган аҳоли вакиллари ҳалол гўштнинг субсидия қилинишидан шикоят қилмаган.

Аммо айрим жамоатчилик вакиллари субсидия фақат ҳалол озиқ-овқат истеъмол қиладиган қатлам билан чекланиб қолиши керак эмаслигини айтишган.

Хитой ижтимоий фанлар академияси эксперти Хи Вуйининг Global Times га айтишича, бу каби тажриба мусулмонларнинг диний ўзликларини кучайтириши ва номусулмонлар билан ўрталарида жарлик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Махсус қонун

Охирги бир неча йил давомида Хитой ҳалол озиқ-овқат борасида махсус қонун қабул қилиш масаласини муҳокама қилиб келади.

Кўпгина расмийлар шундай қонунга эҳтиёж борлиги, бу миллий бирдамлик ва ижтимоий барқарорликка хизмат қилишини айтишади.

Аммо танқидчиларга кўра, бу дунёвий ҳукуматнинг диний масалалар устидан ҳукм чиқариши каби зиддиятли тажрибага йўл очиши мумкин.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Хитойни энг йирик мусулмон аҳолиси бўлган уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклашда айблаб келадилар.

Сўнгги йилларда Рамазон ойларида уйғурларнинг рўза тутишларини чеклашга уринишлар кузатилган.

Аммо Хитой диний ва этник озчиликларнинг ҳақлари поймол этилаётганини рад этади ва диний экстремизм ҳамда терроризмга қарши курашаётганини айтиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.