Қирғизистондаги ўзбек келинлар паспорт муаммоси

Ўзбекистондан минглаб қизлар қўшни Қирғизистонга келин бўлиб тушганлар.

Фарғона водийсида кўплаб оилалар Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод каби ҳудудларидаги ўзбеклар билан қон- қариндошлик ришталарини сақлаб қолганлар.

Бироқ азалдан қуда андачилик қилиб келган ўзбек оилалар бугун паспорт муаммоси қаршисида.

Айни пайтда Қирғизистондан минглаб келинлар депортация қилиниш хавфи остида.

Қирғизистонга келин бўлиб тушган қизлар орадан неча йиллар ўтса ҳамки, бу мамлакат фуқаролигини, паспортини ололмайдилар.

Жумладан, Сайёра Назарбекова 10 йил олдин Ўшлик ўзбекка турмушга чиққан, уч фарзанди бор, деб ёзади Knews.

Шу вақт орасида ҳар икки ойда Ўзбекистонга бориб келишга мажбур.

Сабаби, Қирғизистон қонунларига кўра, ўзбек паспорти борлар мамлакатда 60 кундан ортиқ визасиз туришлари мумкин эмас.

Бу ҳолат оилаларда жанжалларга сабаб бўлади.

Қирғизистонда бу аёларни "ўзбек келинлар" деб аташади.

Инсон ҳақлари бўйича марказ раҳбари Жамила Ғофуровага кўра, Қирғизистонда Сайёра каби вазиятга тушган аёллар сони ўн мингга етади.

Улар таълим олишга ҳуқуқлари йўқ, шифокор хизмати ва ижтимоий имтиёзлардан фойдалана олмайдилар. Яъни улар давлатдан ҳеч қандай ёрдам олмайдилар, дейди ҳуқуқ фаоли.

Қирғизистон ҳукумати фуқаролари билан оила қурганлардан қирғиз паспорти олишни талаб қилади. Ёки улар ўзининг паспортини сақлаб қолиш билан бирга Қирғизистон фуқаролигини ҳам сўрашлари мумкин. Бироқ Ўзбекистон икки фуқароликни тан олмаслиги боис, Ўзбек паспортидан воз кечиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон қонунларига биноан, президент имзоси билан фуқароликдан чиқарилади. Бу масалага иши тушганлар унинг ҳал қилиниши узоққа чўзилиши мумкинлигини айтганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio