Россия мактабларида муҳожирларнинг болалари кўпми?

Охирги йилларда Россияга йўл олаётган кўплаб муҳожирлар, жумладан марказий осиёликлар ўз оилалари ҳамроҳлигида сафарга отланишлари одатий ҳолга айланиб улгурган.

Россиянинг турли шаҳарларида ўз оилалари билан истиқомат қилаётган муҳожирлар мактаб ёшига етган фарзандларини маҳаллий мактабларга жойлаштиришга ҳаракат қиладилар.

"Российская газета" нашрининг ёзишича, рус мактабларида таҳсил олаётган муҳожир болалар ҳақида аниқ статистика мавжуд эмас, аммо муҳожирлар энг кўп истиқомат қилаётган минтақалардан олинаётган хабарларга кўра, кўпгина мактабларда ўқувчиларнинг 30-40, баъзан 50 фоизини муҳожирларнинг фарзандлари ташкил қилишаётган экан.

"Добрососедство" журналининг маълумотларига таянилса, 2014 - 2015 ўқув йилида Москва шаҳрида 25357 нафар муҳожир болалар таҳсил олишган. Уларнинг 2769 нафари тожикистонлик, 2186 нафари эса ўзбекистонлик болалар эканлиги айтилади. Санкт-Петербург шаҳридаги кўпгина мактабларда эса чет эллик ўқувчилар 15-25 фоизни ташкил қилар экан.

Шунингдек, Россиянинг жанубий минтақаларидаги бир қатор мактабларда ҳам муҳожир болалар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани хабар қилинмоқда.

Ростов вилоятидаги муҳожир болалар ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик кўришмоқда.

Ростов шаҳрида меҳнат қилаётган марказий осиё лик муҳожирлар асосан Первомайск ноҳиясидаги "Темерник" бозори ва Ленин ноҳиясида жойлашган "Марказий бозор" атрофида истиқомат қилишади.

Ўз фарзандларини мактабга жойлаш ташвишида юрган муҳожирларнинг сўзларига қараганда, мазкур туманларда жойлашган мактабларнинг айниқса қуйи синфларида ўқувчиларнинг салкам ярми ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик болалардан иборат.

Муҳожирлар фарзандларини мактабларга жойлаштиришда муайян қийинчиликларга ҳам дуч келишаётгани ҳақида сўзлашади.

"Қизим бу йил 8 ёшга тўлди. Ўтган йили мактабга беролмадим. Дўхтирдан ўтказиб, аниқ бир адресга пропискага қўйиб олиб келасан дейишди. Ҳужжатларини тўғрилаб келсам, қизча рус тилини билмайди деб қайтаришди. Соатига 200 рублдан тўлаб, мактабга тайёрлов гуруҳида ўқитишимизга тўғри келди. Энди бу йил 1-синфга қабул қилишар деб умид қилсам, яшаш жойимизга яқин мактаблар тўлиб бўлган эмиш. "Муҳожирларнинг болаларини керагидан ортиқ қабул қилолмаймиз, улар синфни орқага тортишади", деб қайтаришга ҳаракат қилишяпти. Бошқа узоқроқ мактабга берай десам, ўзи бориб келолмайди. Ҳар куни обориб опкелишга на ўзимнинг на онасининг вақти бор. Икковимиз ҳам ишлаймиз. Бир иложини қилиб бу йил шу ерда мактабга жойлашим ёки Тожикистонга жўнатиб юборишим керак. Қиз бола ахир, мактабни битиргунча 20 га кириб ўтирмасин тағин",-дейди 2009 йилдан буён оиласи билан Ростов шаҳрида яшаётган тожикистонлик Музаффар.

Ростов шаҳридаги 105-мактабнинг 5-синфига кўчган ўзбекистонлик Санжарнинг отаси Ростов шаҳрида сартарошхона очган. Таътил пайтида отасига ёрдамлашаётган Санжар билан у ўқиётган мактаб ҳақида суҳбатлашдик.

Санжарнинг айтишича, уларнинг синфида ҳам ўзбек, қирғиз ва тожик болалар руслар билан бирга ўқишади.

"Ҳаммамиз мактабда русча гаплашамиз. 1-2 синфларда русчани яхши тушунмасдан қийналар эдим. Ҳозир баҳоларим фақат "тўрт", "беш". Рус тилидан ташқари инглиз тилини ҳам ўрганаяпмиз", -дейди Санжар.

Норозилар ҳам йўқ эмас...

Россиянинг кўп шаҳарларида маҳаллий аҳоли вакиллари ўз фарзандларининг бегона миллат болалари билан бир синфда ўқишларидан норози эканликлари ҳақида матбуот ва интернет саҳифаларида гап-сўзлар етарли.

Жумладан, "НТВ" телеканали мухбири Антон Соболевнинг сўзларига кўра, кейинги йилларда маҳаллий аҳоли вакиллари ўз фарзандларини муҳожирлар камроқ бўлган ноҳиялардаги мактабларга беришга ҳаракат қилишмоқда.

Шу мақсадда, болаларини ўша ноҳияларда яшаш жойига қалбаки рўйхатдан ҳам ўтказишмоқда. Ота-оналарнинг кўпчилиги, бутунлай бошқача тарбия кўрган, бунинг устига рус тилини ҳам яхши билмайдиган болалар билан бир синфда ўқиш, ўз фарзандларининг тарбиясига ва билим олишига салбий таъсир кўрсатади деган фикрдалар.

Ҳамма ҳам бундай ўйламайди...

Россиядаги йирик олий ўқув юртларидан бири НИУ ВШЭнинг фан ва таълим социологияси илмий-ўқув лабороторияси Санкт-Петербург шаҳри ва Москва вилоятида ўтказган тадқиқотларда 704 та мактаб ўқитувчилари ва 7300 нафар ўқувчилар иштирок этишган. Бу ўқувчиларнинг 650 нафари муҳожирлар эканлиги айтилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, Санкт-Петербург шаҳри ва Москва вилояти мактабларида таҳсил олаётган турли миллатга мансуб болалар орасида ўзаро миллий низолар мавжуд эмас. Сўровларда иштирок этган ўқувчиларнинг аксарияти ўз синфдошларнинг қайси миллатга мансублиги улар учун аҳамиятли эмаслигини билдиришган.

Бундан ташқари, муҳожир болалар орасида билим олишда русийзабон тенгдошларидан ортда қолаётганлар жуда озлиги, кўплари аъло баҳоларга ўқиётганлари ўқитувчилар томонидан таъкидланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio