Қирғизистонлик спортчи бронза медали билан қайтди

Шанба куни Бишкекдаги "Манас" халқаро аэропортида 200дан ортиқ қирғизистонлик Рио-де Жанеродо ўтаётган Олимп ўйинларида қатнашиб қайтган спортчиларни кутиб олдилар.

Уларнинг орасида бронза медали билан ватанига қайтган оғир атлетикачи Иззат Ортиқовга ва унинг устозларига оқ қолпоқ кийгизилиб, ўзгача кайфият билан ҳурмат кўрсатилди.

"Мен энг аввало мураббийларим ва мени қўллаган қирғизистонликларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бундан кейинги Олимп ўйинларида яна ҳам юқори пағоналарни эгаллаб, ютуқларга эришишликка барча кучимни сарфлайман" - деди Рио-де Жанеродо ўтаётган Олимп ўйинларида 69 вазнгача, тош кўтариш бўйича куч синашиб, учинчи ўринни эгаллаган Иззат Ортиқов.

Спортчи 10 август тунида бир уринишда 151 кило, туртиб кўтаришда эса 188 кило, умумий 339 килолик тошни кўтариш билан учинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринни умумий 352 килолик тошни кўтариш билан хитойлик Ши Жуйонг қўлга киритган бўлса, 351 килолик тошни кўтариш билан туркиялик Данияр Исмаилов иккинчи ўринни эгаллаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rio2016.com

Бу Қирғизистоннинг Рио 2016 ўйинларидаги илк ва ягона ютуғи бўлиб қолди.

Олимп ойинларида ғолибликни қўлга киритиб, давлат байроғини юқори кўтарган Иззат Ортиқовга, Президент Алмазбек Атамбаевнинг буйруғи асосида умр бўйи ҳар ой 15 минг сўмдан стипендия ажратилган.

Ёшлар ишлари, тарбия ва спорт бўйича давлат агентлиги ҳукумат қарори асосида спортчига келаси тўрт йил оралиғида 45 минг сўмдан стипендия ажратган. Шунингдек, Иззат Ортиқовнинг шахсий ва бош мураббийлари ҳам 875 минг сўм билан тақдирланадилар ва спортчига "Қирғизстонда хизмат кўрсатган спортчи" унвони бериладиган бўлди.

Бундан ташқари Бишкек шаҳар ҳокимлиги ҳам ғолибга квартира ваъда қилган. Миллий Олимпиада қўмитаси раҳбари эса ғолибга автомашина ҳадя қилишини маълум қилган.

23 ёшли Иззат Ортиқов Жалолобод вилоятининг Тўқтўғул туманида туғилган. Оилада икки фарзанднинг тўнғичи. Бунгача ёшлар орасида ўтказилган Осиё чемионатида кумуш, ёшлар ва катталар орасидаги беллашувларда эса бронза медалларини қўлга киритган. Бу йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio