Собиқ иттифоқни соғинишадими?

Шўролар Иттифоқининг қулаганига 25 йил тўлар экан, "Россия сегодня" холдингининг Спутник агентлиги собиқ совет республикаларида бу воқеани қандай баҳолашлари ҳақида аҳоли орасида сўров ўтказганини айтган.

Сўровда Болтиқ бўйи республикалари ва Туркманистон қатнашмаган.

Маълумотлар собиқ иттифоқнинг 11 республикасида ВЦИОМ, M-Vector, Ipsos, Expert Fikri ва Qafqaz тадқиқот марказлари орқали олинган.

Сўровда 12645 киши иштирок этган, Арманистон, Озарбайжон, Белорус, Молдова, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 1000 та, Ўзбекистондан 1045, Россиядан 1600, Украинадан 2000 киши жавоб бергани айтилган.

Сўровда қатнашган Ўзбекистон аҳолисининг билдирган фикри бошқа руспубликалардаги турли ёшдаги қатнашувчиларники каби кескин фарқ қилмаганига эътибор қаратилган.

18-64 ёшдаги инсонларнинг 89-91 фоизи Ислом Каримов даврида ҳаётлари яхши бўлганига ишонишган. Фақат атиги 4-5 фоиз иттифоқни ёқлаган.

Ўтказилган сўров натижалари тўғрисида таҳлилчи Ростислав Ишенко фикр билдиради.

Ўзбекистонда совет даврини қўмсайдиганлар жуда камлигига сабаб славян миллатига мансуб аҳоли мамлакатни тарк этгани, иш ўринлари бўшагани, дейди таҳлилчи.

Тожикистонда СССРни яхши дейдиганлар 18-24 ва 35-64 ёш орасидагилар 13-39 фоиз, ҳозирги ҳаётни ёқлайдиганлар 84 фоиз экан.

Бироқ Тожикистонда фуқаролар уруши кечди. Айни пайтда Россия базаси мавжуд. Чегараларини қўриқлашга Россия ёрдам бераётгани ва бошқа масалалар бунга таъсир қилган, деб қайд этилади.

Қозоғистонда 35-60 фоиз ёшу кекса, Қирғизистонда 37-60 фоиз сўралган СССР ни маъқуллаган.

Қозоғистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий ривожланишини бир қаторга қўйиб бўлмасада, бу икки республика Россия билан кўпроқ муносабатларни ёқлаши сўров кўрсаткичига таъсир қилгани айтилган.

Мамлакат қанча қашшоқроқ бўлса, собиқ иттифоқни ёқлайдиганлар кўп, дейди у Молдовани мисол келтириб.

Сўровга биноан, собиқ иттифоқнинг ҳозирда энг қашшоқ, ишсизлик юқори республикаларидан Молдовада ёшлар ва кексаларнинг 69 фоизи иттифоқдаги ҳаётни ёқлаб овоз берибди.

Икки йилдан бери мамлакат шарқи уруш ичида қолган Украинада ҳам шу ҳолат кузатилган. Кекса ёшдаги аҳолининг 60 фоизи, ёшларнинг 18 фоизи СССРда ҳаёт яхши эди деган.

Россияда бу кўрсаткич 25-63 фоиз, Белорусда 34-53, Арманистонда 47-71, Озарбайжонда 14-69 фоизни ташкил қилган.

Кекса ёшдагиларнинг собиқ иттифоқни ёқлаши ижтимоий таъминот тизими фойдасига бўлган, дейди таҳлилчи.

Шунингдек Қорабоғ урушини кўрган икки мамлакат аҳолиси урушдан олдин СССРда аҳвол яхши эди деган фикрда.

Кузатувчига кўра, мамлакат ташқи сиёсатидаги муаммолар, жумладан Сакашвили ва Путин қарама-қаршилиги иттифоққа қаршилар сонини ошишига таъсир қилган.

Мамлакат иқтисодий аҳволининг қандайлиги СССР тарафдорлари сонини оширган. Айни вақтда авторитар тузумлар ҳукмрон Ўрта Осиё мамлакатлари аҳолиси жорий ҳукуматни қўллаши табиий. Бундан келиб хулоса қилиш мумкинки, собиқ иттифоқ давлатларининг минимал тараққиётга эришиши СССР тарафдорларини камайтиради ва кейинги ўн йилда улар салмоқли сиёсий кучга эга бўлмаслиги мумкин, дейди у.

Бироқ унга кўра, жиддий инқирозлар орқасидан совет ғояларининг жонланиши ва ўзига тортиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ушбу сўров ижтимоий тармоқларда турли фикрларни уйғотган.

Жумладан Фейсбукдаги постларда бундай сўровнинг сохталиги ҳақида фикрлар янграган.

Журналист Данил Кисловнинг Фейсбукдаги саҳифасида келтиришича, Фергана.ру сайти Ўзбекистондаги "Эксперт фикри" марказига боғланганда улар Ўзбекистонда бундай сўров ўтказилганини билмасликлари, СССР ҳақида фикр сўралганини эшитмаганларини айтганлар.

Victoria Panfilova деган фойдаланувчи "бу қандайдир лойиҳа. Украина тўғрисидаги шундай мақолани кўрдим", дейди.

Шуҳрат Ғаниев сўров ҳақидаги мақолани буюртма, деб атаган.

Фикр билдирганлар бундай сўров кимга кераклиги билан қизиқишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.