"Карбюратор" сўзи аслида "қоработирми"?

Таниқли туркшунос олим, туркман ва бошқа туркий тиллар билағони Профессор Юсуф Озмуннинг "Сўз кўкимиз, ўз кўкимиз", яъни "Сўз томиримиз, ўз томиримиз" деган китоби дунё юзини кўрди. Бу китобда у туркий тиллар лингвистикаси, туркий тилларнинг бошқа тиллар билан алоқалари ҳақида гап юритади. Би-би-си олимни суҳбатга тортган.

Суҳбат "Сўз кўкимиз, ўз кўкимиз", яъни "Сўз томиримиз, ўз томиримиз" деган китоб ва бу китоб нима ҳақидалиги хусусида бошланди.

Юсуф Озмуннинг айтишича, бу китоб аслида туркман тилининг баъзи масалалрига, жумладан "халқ этимологияси" бағишланган. Бу соҳада комик ҳолатлар ҳам учрайди, дейди у. Масалан, туркманлар "карбюратор" сўзини "қоработир" деб, унинг туркман сўзи эканлигини даъво ҳам қилганлар бормиш.

Ўзбек тилида ҳам Советлар даврида "отдел кадров"ни "Абдулқодир" деганидек бир ҳолатни таъкидлагач, Юсуф Озмун яна бир қанча мисоллар келтиради. Жумладан, "полковник" сўзи "мўл кўйнак", "легковой" мошина "лўккабой"га айлангани ҳам ўша халқ этимологияси мисолларидир, дейди тилшунос.

Бу китобда нафақат туркман тили хусусида, балки туркий тилларнинг қўшни тиллар билан муносабатлари ҳақида ҳам гап юритилади. Юсуф Озмун талайгина лингвистик масалалар қатори туркман оти, гилами ҳақида ҳам алоҳида тўхталган. Мисол тариқасида "гилам", ё туркийси "қалин" сўзи аввалига "қавуз", "қобуз", "қавур" шаклларида бўлганини, ва айни шу шаклда рус тилига "ковёр" бўлиб ўтганини таъкидлайди.

Туркий тилларда бир ҳолат мавжуд, дейлик, туркий бўлган "кирпич" ё "айва" деган сўзлар рус тилига кўчгану, уларнинг ўрнини форсий "ғишт" ва "беҳи" эгаллаган. Бу ҳолат тескарисига ҳам ишлайдими, деган саволга тилшунос олим туркий сўзларнинг форс тилига кенг миқдорда кириб борганиниг мисолларини келтиради.

Аслида, дейди у, туркий тилларга форсий сўзларнинг кириб келишидан тескариси каттароқ, яъни олимнинг ҳисобларига кўра ҳозирги форс тилида у бир неча минг туркий сўзларни топган. Айниқса топонимлар масаласида Эронда "Қора" билан бошланадиган ер номлари кўп: "Қоратепа", "Қоракўл", "Қоратоғ", "Қорабоғ" ва ҳоказолар.

Туркий сўзлар ҳатто Аттила даврида Оврўпо тилларига ўтган. Масалан, "king" - "хон" сўзи "канг" - "ота" сўзидан келган.

Ҳозирги пайтда Марказий Осиё филологиси ва лингвистикаси ҳолати чеккадан қараганда қай ҳолатда деган саволга Юсуф Озмун кўплаб тадқиқотлар олиб борилаётганини, лекин, дейлик, Туркманистонда биронта бу соҳада китоб чиқмаганини айтади.

"Ўртоқ" Турк тили деган нарса 90-нчи йилларда кенг муҳокама қилинган эди, Сизнингча бунга эҳтиёж борми, ё туркий тиллар ҳар бири ўз йўлида ривожланавергани тузукми?- деган саволга Юсуф Озмун ҳар тилнинг ўз йўлида ривожланиши тарафдори эканлигини билдириб, "ўртоқ" турк тили масаласи ўта қийин эканлигини таъкидлади.

Суҳбатни тўлиқ ҳолатда аудио шаклида қуйида тинглашингиз мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Юсуф Азем
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio