Ўшда 'Сурияга кетмоқчи бўлган' ўсмир озод этилди

20 августда Ўш шаҳар суди Сурияга "жиҳод"га кетмоқчи бўлган дея гумонда қўлга олинган болани шаҳардан ташқарига чиқиб кетмаслик шарти билан қамоқдан озод этган.

Ўш вилояти милициясининг маълумотига кўра, Қорасув туманига қарашли Наримон қишлоғининг К.Ж. исмли яшовчиси, 18 августда милициянинг 10 - бўлим ходимлари тарафидан, шаҳардаги "Космонавтлар" боғида навбатдаги "ўлжаси" билан учрашуви пайтида қўлга олинган.

18 ёшли ўсмир, ҳуқуқ тартибот органлари назарига бир ой аввал тушган. "Абдуллоҳ" таҳаллуси остида одамлар билан мулоқот қилиб, Сурияга ўзи билан кетиш учун ҳамроҳ излагани айтилади.

"Тергов давомида гумонланувчи К.Ж. Суриядаги баъзи шахслар билан хатлашиб, яқин орада уларни олдида бўлишга ваъда берган ва Ўшда одамларни жиҳодга даъват этишда Суриядан унга юборилган матн ва видеоларни қўлланган. "Космонавтлар" боғида қўлга олинганида, "Нокиа" русумли қўл телефонидан ўнлаган Қирғизистонда таъқиқланган "Ислом Давлати"ининг видеороликлари топилган.

Шунингдек, "Одноклассники" ижтимоий тармоғи ва "Ватсап" мессенджерида хатлар ва улашган видеороликлар борлиги аниқланган. Буларнинг барчаси "жиҳодга" даъват этиш мазмунидаги маълумотлар ҳисобланади", дейилади милициянинг расмий маълумотида.

Қўлга олинган ўсмирни уйида тинтув ўтказилганида, ўнлаган экстремистик мазмундаги китоблар, электрон маълумотлар топилган. Шахсий ноутбукида эса, Тохир Йўлдош, Рашод Камолов ва "Жаннат Ошиқлари" террор гуруҳининг даъватлари борлиги аниқлангани ва ушбу маълумотларни гумонланувчи интернетга жойлаштириш билан, Қирғизистон, қўшни давлатлар ва яқин Шарқда террор ҳуружларини амалга оширишга инсонларни даъват этгани айтилади.

Барча маълумотлар махсус экспертизага юборилгани ва ўсмирнинг атрофидаги одамлар аниқланаётгани, бошланғич сўроқдагина гумонланувчи ўзи Сурияга кетиш ниятида эканлигини яширмагани таъкидланади расмий маълумотда.

"2013 йилдан бери Одноклассида саҳифа очганман. Интернетга кириб, мужоҳидларни видеороликларини кўраман ва улар билан гаплашаман. У ерга кетишимдан мақсад Аллоҳни шарафига эришиш. Бу йўл ҳақ экани учун кетаяпман. Ҳақиқий мусулмон бўлиб, шаҳид бўлишни хохлайман. У ерга дунёдаги барча мусулмонлар каби, Аллоҳни ҳақиқий буюрган ибодатини қилиш учун, уларни тарғиб қилиб, даъват қилиш учун кетаяпман", дейди "Абдуллоҳ" милицияни матбуот хизмати ёйинлаган видеода.

У Сурияга интернетда танишган одамни чақируви билан илм олгани кетаётганини, агар дин рухсат берса жангларда ҳам иштирок этишини айтади. Лекин ҳозир ҳеч қандай қуролни ишлатиш бўйича маълумот ва тажрибаси йўқлигини, Сурияга боргандан кейин тайёргарликдан ўтишини қўшимча қилади.

"Оилада тўрт фарзандмиз. Мени танлаган йўлим тўғри йўл. У ерга кетсам ота-онамга ака - укаларим қарайди", дейди кўзлари яширилган ўсмир.

Суд қарорига кўра, тергов давомида «Абдуллоҳ» уй қамоғида бўлади.

Қирғизистон ҳавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Суриядаги жангларда иштирок этиш мақсадида 600дан ортиқ фуқаролар кетган. Норасмий маълумотлар бўйича эса, бу сон бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.