Россияда муҳожирлар тўлаётган солиқлар миқдори ҳаддан ортиқми?

2015 йил январ ойидан бошлаб, Россияда "ишлаш учун рухсатнома" бекор қилиниб, муҳожирлар тўлиқ патент тизимига ўтказилган эди.

Ўз вақтида Россия матбуотида бу ўзгаришлар меҳнат муҳожирларига бир талай қулайликлар туғдириши ҳақида хабар қилинган бўлса, бугунги кунга келиб, муҳожирлар орасида бу ҳолатдан норозилар кўпайгани айтилмоқда.

Россия меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси раҳбари Ренат Каримовнинг "REGNUM" ахборот агентлигига билдиришича, Москва шаҳрида меҳнат қилаётган муҳожирлар патент тўловлари арзонлаштирилиши ҳамда тўловларни амалга ошириш жараёнининг осонлаштирилишини сўраб шаҳар ҳокимлигига ёзилган мурожаатномага имзо тўпламоқдалар.

Патент асосида меҳнат қилаётган муҳожирлар тўлаётган солиқлар Россиянинг турли минтақаларида ўртача иш ҳақининг миқдорига қараб фарқ қилади. Москва шаҳрида бу тўлов 4200 рублга тенг бўлиб, кўпчилик муҳожирлар учун оғирлик қилади.

Бундан ташқари, касаба уюшмаси раҳбарининг сўзларига кўра, муҳожирларнинг иш ҳақидан 13 фоизи иш берувчилар томонидан давлатга тўланадиган солиқ сифатида ушлаб қолиниши оқибатида, меҳнат муҳожирлари икки томонлама солиқлар қуршовида қолишмоқда.

Марказий осиёлик муҳожирлар Ренат Каримовнинг гапларини тасдиқлайдилар:

"Авваллари разрешение на работу қилар эдик. Ишхона билан шартнома тузилиб, ўша шартномада кўрсатилган солиқни иш ҳақидан тўсиб қолишарди холос. Бугун ҳам 4200 рубл патентга тўлаяпмиз, ҳам ойликдан солиққа деб ушлаб қолишаяпти. Россияда ҳам пул топиш қийин бўлиб қолди",- дейди Москва шаҳрида қурилиш корхонасида ишлаётган Тоҳиржон.

Ростов вилоятидаги муҳожирларнинг айтишича, корхоналар билан тузилаётган шартномаларда иш ҳақи атайлаб камайтириб кўрсатилади. Иш ҳақидан солиқ учун тўсиб олинаётган пайтда эса, муҳожирнинг ҳақиқий маошидан 13 фоизи ушлаб қолинади.

"Биз ойлигимиздан тўсиб олинаётган пулларнинг қанчаси давлат хазинасига тушишини аниқ билмаймиз. Билганимизда ҳам нима қилардик? Ҳозир иш топиш осон эмас, чидашга тўғри келади",- деб айтади Ўзбекистонлик мардикор Дониёрбек.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим.

Россияда чет эл фуқоролари, шу жумладан марказий осиёлик муҳожирларни ишга ёллаш асносида меҳнат шартномаси имзолаган жисмоний шахслар ҳам давлатга солиқ тўлашлари керакми деган савол кўпчиликни қизиқтиради.

Муҳожирларнинг маълум қилишларича, кўпчилик иш берувчилар чет эл фуқоросини ишга ёллаганим учун солиқ тўлашим керак бўлади деган андишада меҳнат шартномаси ёки фуқоролик ҳуқуқий шартномаси имзолашдан бош тортадилар. Бу эса муҳожирларнинг иш ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида ундириб олишларида муайян қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Россияда муҳожирлар муаммолари ва мигратсияга оид янгиликларни жамоатчиликка етказиб бераётган www.migranto.ru портали масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Федерал солиқ хизмати (ФНС) га савол билан мурожаат қилгани ҳақида хабар берган.

Россия федератсияси давлат фуқоролик хизмати маслаҳатчиси В.А. Носенков таҳририятнинг саволларига жавоб қайтарар экан, солиқ кодексининг 226 моддаси 1 бандига мувофиқ, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланмайдиган жисмоний шахс бошқа бир жисмоний шахс билан меҳнат шартномаси ёки фуқоролик-ҳуқуқий шартномасини имзолаган тақдирда солиқ тўлаш мажбуриятини олмаслигини маълум қилган.

Шунга кўра, жисмоний шахслар қўлида ишлаётган муҳожирлар ўз минтақаларида белгиланган миқдорда патент тўловларини амалга оширишлари кифоя қилиши айтилган.

Евроосиё иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқоролари эса, жисмоний шахсларга ишга ёлланар экан, ҳар қандай солиқдан озод эканликлари ҳам маълум қилинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.