Россияда муҳожирларга эҳтиёж кучлими?

Охирги пайтларда рус матбуоти ва ижтимоий тармоқларда "Россияда меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёж кучлими?" , "Иқтисодий инқироз туфайли мамлакатни тарк этаётган муҳожирлар ўрнини ким эгаллайди?", "Маҳаллий аҳоли вакиллари муҳожирлар бажараётган қора ишларда ишлашга тайёрми?" сингари мавзулар тез-тез кўзга ташланмоқда.

Федерал мигратсион хизматининг маълумотларига кўра, охирги уч йил давомида Россияда меҳнат муҳожирлари сони сезиларли даражада қисқарган.

"Коммерсантъ" нашри ФМС маълумотларига таянган ҳолда, Россияни тарк этаётган муҳожирларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқоролари ташкил қилаётганлари ҳақида хабар берган.

Мақолада айтилишича, то шу кунга қадар, бу икки қўшни давлат фуқоролари Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар сони бўйича биринчи ўринларни эгаллаб келишса-да, 2014 йилдан бошлаб, рус рублининг қадрсизланиши, 2015 йилда мигратсион қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар уларнинг Россияга бўлган қизиқишларини бирмунча сўндирган.

Мутахассисларнинг фикрича, Россияни тарк этаётган ўзбек ва тожик муҳожирлари ўрнини Украина ва Евроосиё иттифоқига аъзо Қирғизистон ва Қозоғистон фуқоролари эгаллашлари мумкин.

Россия ҳукуматининг мамлакатда меҳнат муҳожирлари сони қисқариб бораётгани, турли минтақаларда ишчи кучига бўлган эҳтиёж кучайгани ҳақидаги хабарлари интернет саҳифаларида баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ўз шаҳар ва қишлоқларида муҳожирлар камайгани сезилмаётгани, аввалгидай кўчаларда ҳар қадамда чет элликларга дуч келишаётгани, аксарият қурилишларда ҳали ҳам тўда-тўда тожик, ўзбек, армани ва бошқа халқ вакиллари ишлашаётгани ҳақида айтишмоқда.

Москва шаҳар қурилиши сиёсати департаменти раҳбари Сергей Левкин пойтахтда режалаштирилаётган йўллар ва метро линиялари қурилишида муҳожир ишчилар кучига эҳтиёж катталиги ҳақида шу йилнинг 18 августида "РИА новости"га маълум қилган.

Бундан ташқари, 2018 йилда Россияда ўтказилиши режалаштирилган футбол бўйича жаҳон чемпионатига қуриб битказилиши кўзда тутилган кўплаб иншоотларда ҳам муҳожирлар меҳнатидан фойдаланилаётгани матбуотда хабар қилинмоқда.

Москва, Санкт-Петербург ва бошқа кўплаб шаҳарлар коммунал хўжалиги соҳасида ҳам асосан марказий осиёлик муҳожирлар меҳнат қилишлари маълум.

Интернет тармоқларида "Россияда муҳожирларга эҳтиёж кучлими?" мавзусида баҳс юритаётган россияликлар икки гуруҳга бўлинишганини кузатиш мумкин. Айримлар ҳукумат расмийларининг сўзларига қўшилган ҳолда, қурилиш, комуннал хўжалиги, деҳқончилик ва бошқа соҳаларда муҳожирлар меҳнатига эҳтиёж бор дея фикр билдиришади.

Бошқа бир гуруҳ эса ҳукуматдорларни ёлғончиликда айблашади. "Россиянинг куни муҳожирларсиз ўтмайди, россияликлар муҳожирлар бажараётган қора ишларни қилишга рози бўлишмайди" деган иддао бўрттирилган деб ҳисоблашади.

Уларнинг аксарияти яхши ҳақ тўланса ва ишлаш учун шарт-шароитлар яратилса, муҳожирларнинг ўрнини эгаллашга тайёр эканликларини билдиришади.

Уларнинг айтишича, ҳақ-ҳуқуқини танимаган, арзон-гаровга ишлаб, иш ҳақининг бир қисмини раҳбарлар билан бўлишишга рози бўладиган муҳожирларни ишга олиш иш берувчилар учун қулайроқ.

Биз билан суҳбатда бўлган марказий осиёлик муҳожирлар эса рус ишчиларни ялқовликда айблашади.

Ростов шаҳри "Донстрой" корхонасида ишлаётган Анвар ҳикоя қилади:

"Шу йилларда қурилишда ўрислар ҳам анча кўпайиб қолишди. Аввал 90 фоизгача ўзбек ва тожиклар ишлаган жойларда ҳозир улар ҳам ишлашяпти. Иш талашиш йўқ. Бир подъездни сувоғини биз олсак, биттасини улар олишяпти. Лекин жуда суст ишлашади. Ойлик олишса, уч-тўрт кунлаб йўқолиб кетишади. Ишларининг унуми йўқ. Шунга прораблар бизникилар билан кўпроқ ишлашга ҳаракат қилишади. Оиламиз, бола чақамиз бу ерда бўлмаса, ишдан бошқа ташвиш ҳам йўқ-да. Узоқ жойдан пул топишга келганмиз деб, болалар дам олиш кунлари ҳам ишлашади. Ўрислар орасида бизни кўролмайдиганлари ҳам бор, аммо биз бунга парво қилмаймиз".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.