Ақси аҳолиси Унгар-Тоғдаги вазиятдан хавотирда

22-августда Унгар-Тог ҳудудига кутилмаганда кириб келган ўзбек милиционерлари ҳали чиқиб кетмаганлар. Айни шу номдаги телеминоранинг тўрт ходими эса Ўзбекистонда туман ички ишлар бўлимида ушланиб турибди.

Қирғизистон чегара хизматининг 24-августдаги маълумотига кўра, Ўзбекистон радиорелейлик станция ходимларини процессуал чора-тадбирларни юргизиш учун қўлга олган, уларнинг ҳолидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Ҳозирда Унгар-Тоғ ҳудудида аҳвол тинч, тарафлар сўзлашувларни давом эттираётгани хабар қилинмоқда.

23-августда Ақси туман давлат администрацияси олдига Унгар-Тоғ ҳудудида яшаган қишлоқ аҳолиси йиғилиб, маҳаллий ҳукуматга сўнгги вазият юзасидан ўз хавотирларини билдирганлар.

Йиғилганлар ўзбек милицияларини у ердан чиқиб кетишини ва ҳукумат бунга тезроқ чоралар кўришини талаб қилган. Устуқан қишлоғи яшовчиси Майрам Аққулова қишлоқликлар орасида хавотирлар кучаётганини айтади.

"Кеча икки вертолёт билан тоғга аскарларни ташлаб кетганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ўшандан бери бизнинг ҳарбийлар у ерга чиқа олишмаяпти дейилмоқда. У тоғ бизнинг устимизда жойлашган. Бизнинг қишлоқ чегара яқинида жойлашган. Қишлоқнинг этагида Ўзбекистон чегараси. Энди аҳвол қандай бўларкин дея хавториланаяпмиз. Бугун намойишга чиққанлар ҳам, ҳукуматга бу масалани тезроқ хал қилиб беришларини айтдик. Ўзбек аскарлари у ердан чиқиб кетишлари керак", дейди Майрам Аққулова.

Митинга юздан ортиқ одам йиғилган. Улар билан ҳукумат вакиллари учрашиб, масала сўзлашув йўли билан ҳал этилгунча сабр қилиб туришни айтган. Шундан сўнг йиғилганлар кетганлар.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг матбуот вакили Сажира Чоколоеванинг сўзларига кўра, 22-августда икки давлат чегара хизмати раҳбарлари телефон мулоқотда, сўнги вазиятни муҳокама қилганлар. Лекин шунга қарамай вазият ҳозир ҳам ўзгаришсиз қолмоқда.

"Уларнинг талаби бўйича Ола-Буқада қўлга олинган милиция ходимига суд қарори асосида 20 минг сўм жарима солиниб, қўйиб юборилган. Бироқ ҳозир ҳам Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимлари Унгар-Тоғ ҳудудида қолмоқдалар. Улар Ола-Буқа туманида жойлашган Ўрта-Тўқўй сув омборига қўйилган ўтказиш постини олиб ташлаш бўйича шарт қўймоқда", дея билдиради Сажира Чоколоева.

Унгар-Тоғ чўққисида "Кербен-24" радио-релейли станция жойлашган. Унда Ақси, Ола-Буқа, Чотқол туманларига эфир сигналларини таратувчи станциялар қурилган. Станцияда ишлаган тўрт ходим билан 22-августдан бери алоқа узилган.

Унгар-Тоғни муҳофаза қилиш комитети раҳбари, Карвон шаҳар кенгаши депутати Эргешали Ўзўкеев бу маълумотни тасдиқлаб, ҳукумат бу масалада иш олиб бормаётганини айтиб, танқид қилади.

"Станцияда ишлаганлардан ҳеч ким хабар олмаяпти. Ҳукумат қаерга қарамоқда!? У ерда ишлаган ишчилар нима бўлди деб аниқлаш керак, ёки аскарлар билан бориш керак эди. Бу ерда жуда ҳавфли вазият пайдо бўлмоқда" - дея хавотир билдиради Карвон шаҳар кенгаши депутати Эргешали Ўзўкеев.

Қўлга олинган 4 нафар станция ходим яқинлари, уларни зудлик билан озод этиб беришни талаб қилиб Жалолобод вилоят расмийларига мурожат қилганлар. Улардан Жениш Ташматовнинг акаси Акимжан Ташматов бугун соат иккилар чамасида кимдир унга халқаро қўнғироқ орқали укасини Ўзбекистонда ушлаб турилганини айтган.

Маълум бўлишича, 13 август куни Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Орто-Токой сув омбори деб айтадиган сув ҳавзасини қўриқлаётган Косонсой туман милиция ходими Қирғиз расмийлари томонидан қўлга олинган. Ўзбекистон талаби билан, орадан ўн кун ўтиб, милиция ходимига суд қарори асосида 20 минг сўм жарима солиниб, қўйиб юборилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.