Қирғизистон: Хитой элчихонасига ҳужум уйғурлар иши

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати ўтган ҳафта Бишкекдаги Хитой элчихонаси биносига ҳужум "Шарқий Туркистон озодлик ҳаракати" аъзоларининг иши эканини айтган.

Ҳужум гуруҳнинг аъзолари бўлган уйғурлар томонидан амалга оширилган, деб баёнот беради Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати.

30 август куни худкуш ҳужумчи ўтирган автомобил Бишкекда Хитой элчихонаси биноси дарвозасига бориб урилган ва ҳужумчи воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Элчихонанинг қирғиз фуқароси дохил уч ходими яраланиб касалхонага ётқизилган.

Хитой ҳукумати расмий Бишкекдан зудлик билан ҳодисани текширишни талаб қилди.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизматига кўра, айни пайтда худкуш ҳужумчининг шахси аниқланган, унинг Тожикистон паспортига эга этник уйғур бўлгани билдирилган.

"Текширув ҳодиса Суриядаги жангларда қатнашаётган уйғур террористик гуруҳлар ва ҳужумни молиялаштирган "Нусра Фронти" жангари ташкилоти буюртмаси бўйича амалга оширилгани аниқланди", дейилади расмий мурожаатда.

Бишкекдаги элчихонага ҳужум лавҳалари видео камераларга муҳрланган.

"Нусра Фронти" гуруҳи Россия, АҚШ ва қатор бошқа давлатларда террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Хитой элчихонасига ҳужумга алоқадорликда гумонланиб беш Қирғиз фуқароси ҳибсга олингани айтилганди олдинроқ. Мамлакат ташқарисида, айтилишича Туркияда, бўлган яна икки кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати маълумотларига биноан, қидирилаётган гумондорлардан бири Хитой элчихонасига ҳужум йўналишини белгилаган.

Иккинчи шахс эса Сурияда жанговор таълим олган ва портловчи воситалар ясашга кўмаклашган. Айтилишича, иккинчи гумондор Бишкекдаги ҳужумдан бир неча соат олдин Истанбулга учиб борган.

Хитой ғарбида жойлашган Шинжон Уйғур мухтор республикасида яшовчи халқнинг катта қисмини ташкил этувчи уйғурлар туркий миллатларга мансуб бўлиб, миллий мустақиллик учун курашиб келадилар.

Хитой мамлакатда содир этилган қатор ҳужумларда уйғурларни айблайди.

Ҳуқуқ ташкилотлари ва ҳимоячилар эса Хитой ҳукуматининг ўзини ҳам қонли ҳодисаларда айбдор ҳисоблаб, уйғурларнинг диний ва маданий ҳуқуқларини паймол қилаётганликда ва оммавий ҳибсга олаётганликда айблайдилар.

Фаоллар таъкидлашича, расмий Пекиннинг уйғурларга қарши ҳаддан ташқари зўравонлик сиёсати уларнинг жангари гуруҳларга кириб кетишига олиб келмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/2c00djI ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/2bHZ9nr)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.