Ўзбекистон ҳибсдаги қирғизистонликларни қўйиб юборди

Ўнғортепа

Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилган. Хабарларга кўра, уларни озод қилиш учун Ўзбекистон Қирғизистон томонига бирор бир шарт қўймаган.

Тўрттовлоннинг 18 кундан буён ҳибсда қолишаётгани хабар берилган, агар, қирғиз томонига таянилса, улар шу пайтгача Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Ички ишлар бўлимида тутиб турилган.

Тўрттовлон кеча - 8 сентябр куни ярим тунга яқин Қирғизистон чегарачилари қўлига топширилган ва қирғизистонлик масъулларга кўра, уларни текшириб, бирор зиён-заҳмат етмаганига амин бўлишган.

Ҳибсдагилар барчасининг аллақачон ўз оилалари ва яқинлари бағрига қайтишгани ҳам айтилади.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, тўрт нафар қирғизистонлик худди шу куни жанубий Жалолобод вилоятининг Ала Буқа туманида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳайъати орасида бўлиб ўтган музокаралар ортидан қўйиб юборилишган.

Ҳар икки ҳайъат таркибининг ҳам чегара хизмати вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан иборат бўлгани айтилади.

Агар, қирғизистонлик мулозимларнинг айрим оммавий-ахборот воситаларида келтирилган сўзларига таянилса, тўрттовлонга Ўзбекистонда "Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш" моддаси билан жиноий иш очилган бўлган.

Қирғизистонлик мулозимлар бунга Ўзбекистон томони тақдим этган ҳужжат далолат қилганини билдиришган.

Энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, тўрттовлоннинг қўйиб юборилиши ортидан томонлар ўзаро чегарадаги вазиятни ўнглашга қаратилган музокараларини давом этдиришмоқда.

Ўзбекистондан олинган хабарларда эса, президент Ислом Каримовнинг 3 сентябр кунги дафн маросими ортидан Қирғизистон Бош вазири ўша пайтда ўзбекистонлик ҳамкасби бўлган Шавкат Мирзиёв билан ҳам шу хусусда мулоқотлар олиб боргани айтилганди.

Ўнғортепа

Собиқ Иттифоқ парчалангач, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қатор баҳсли ҳудудлар пайдо бўлди.

Ўнғортепа шундай баҳсли ҳудудлардан бири.

22 август куни Қирғизистон телеминораси ("Кербен" радиореле станцияси) жойлашган, Ўзбекистон Ўнғортепа деб атайдиган, Қирғизистон эса Унгар-Тоо деб биладиган баҳсли ҳудудга тикучарда 7 нафар қуролли Ўзбекистон милиционер жойлаштирилган.

Шундан сўнг икки томон музокараларни бошлаганлар.

Икки мамлакат чегара хизматлари раҳбарлари телефон орқали мулоқотда вазиятни муҳокама этганлари хабар қилинган.

Ўзбек-Қирғиз чегарачилари учрашувидан кейин 13 августда қўлга олинган ўзбекистонлик милиция ходими қўйиб юборилган.

Қирғиз расмийларига кўра, милиционер устидан маҳкама бўлиб ўтган, маҳкама уни айбдор деб топиб жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин у Ўзбекистон тарафига топширилган.

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигига кўра, 25 августда Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган Ўнғортепада ўзбек чегарачилари тўрт қирғиз фуқаросини ушлаганлар. Улар Ўнғортепада жойлашган радио станция ходимлари бўлиб, Ўзбекистон чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб қўлга олинган.

Ўзбекистон томони шу ўринда Ўнғортепани ўз ҳудуди эканини маълум қилган.

Хабарларга кўра, 2005-2006 йилларда Қирғизистон Ўнғортепани Ўзбекистонники деб тан олгани ҳақида ҳужжат борлиги айтилган.

Қирғиз оммавий-ахборот воситалари ўша пайтда мамлакат Бош прокурори бўлган Азимбек Бекназаровни имзоланган бу ҳужжат ҳақида хабари бўлгани ҳақида ёзганлар.

Агар, имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Ўнғортепанинг умумий майдони 45 гектарни ташкил этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.