«Бизни портлашга ҳеч алоқамиз йўқ»

Image caption Бурҳониддин Жантўрўев

Бишкекда Хитой элчихонасидаги портлашга алоқадор деб қидирувга берилган Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида яшаган Бурҳониддин Жантўрўев бу ишга ўзлари билмаган ҳолда аралашиб қолганини айтади.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси 30 августда Бишкекдаги Хитой элчихонасига террор ҳужуми уюштирганлар аниқланганини маълум қилган.

Хавфсизлик хизмати ҳужум "Шарқий Туркистон озодлик ҳаракати" аъзоларининг иши эканини айтган.

Расмий маълумотда айтилишича, террор ҳаракатини уюштирганликда гумонланган 9 одамдан 5 нафари қўлга олинган, 4 одам эса қидирувга берилган.

Қидирувга берилганлардан бири, Жалолободнинг Сузоқ туманида яшаган, ҳозирда Истанбулда ўзбек кафесини бошқараётган Бурҳониддин Жантўрўев Би-Би-Сига, ўзи ва қариндошларини бу ишга қандай аралашиб қолганини гапириб берди.

"Бировга яхшилик қиламан деб, ўзим жабр кўрдим", дея гап бошлайди у. "6-7 ой олдин мени кафеимда бир Ўзбекистонлик Бахтиёр деган бола 5-6 кун ишлаган.

Яхши ишлай олмагани учун ишдан чиқиб кетган. У бола билан ўшандан бери таниш бўлиб қолган эдик. Вақти - вақти билан бизга келиб чой ичиб, қорнини тўйғазиб кетарди", дейди Бурҳониддин.

У, Бишкекдаги Хитой элчихонасидаги портлаш ортидан қариндошларини қўлга олиниши ва ўзини қидирувга берилганини эшитиб шок ҳолатига тушган ва ҳамон бунга ишонгиси келмайди.

«Бир ойча аввал ўша Бахтиёр менга 5000 доллар олиб келиб: "Ака, шу пулни Бишкекка юбориш керак, сиз ёрдам берсангиз. Ҳарҳолда қирғизистонликсиз. У ерга қандай жўнатишни яхши биласиз" деган. Мен майли деб, у пулни Истанбулдаги "Ҳалол тур" фирмасига бирга олиб бориб берганмиз. У ташқарида турган. Мен фирмага бериб чиққанман.

Тахминан 20 кунча аввал Бахтиёр яна 1000 доллар олиб келиб, ака бу пулни ҳам чиқариб беринг деди. Мен майли деб олиб, лекин ўша кунлари ўзимни кафедаги ишим бўйича қарзларим бор эди, ўшанга бердим у пулдан. Ва Жалолободдаги қайни опам сигирларини сотган экан, менга қарз бериб туринг деб сўраб, у пулни Бишкекда ўша Бахтиёр айтган Искандар деган болага бердиртирганман.

Пулни Ўш-Бишкек йўналишида таксилик қиладиган опамни ўғли, жияним олиб бориб берган. Бўлгани шу.

Биз у пулни қандай мақсадда жўнатилганини билмаганмиз" , дея эслайди Бурҳониддин Жантўрўев.

Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Хизматининг тарқатган маълумотида, сузоқлик 49 ёшли аёл террорчиларга молиявий ёрдам кўрсатганликда, қидирувдаги Бурҳониддин Жантўрўевнинг қариндоши терактни амалга оширадиган одамни топишда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олингани айтилади.

Расмий хабарда Хитой элчихонаси олдида портловчи модда ўрнатилган машинада ўзини портлатган худкуш Зоир Ҳалилов номига берилган тожик паспортига эга 33 ёшли уйғур миллатига мансуб шахс бўлган. У "Туркистон исломий ҳаракати" аъзоси бўлган. У 20 - августда Қирғизистонга келган.

"Қайнағам, (аёлини акаси ёки укаси) менга, кафега ишлатгани Қирғизистондан гўшт олиб келарди. У Истанбулдан Ўшга кетаётганида Бахтиёр менга, ака бир

Тожикистонлик одам бор, тожик фуқароси, камчилиги йўқ. Ўша ака қайнағангиз билан бирга Ўшга кетса.

Бошқа давлатни фуқароси, балки Ўш аэропортида қийналиши мумкин деганди, мен ўзинглар гаплашинглар, менга муаммони кераги йўқ дедим.

Иккаласи гаплашиб, қайнағам айтди агар камчилиги бўлмаса мен билан бирга кетаверсин деди. У одам кимлигини ҳам билмайман. Қайнағам билан кетди.

Қайнағам менга доим гўшт олиб келиб берарди. Орадан озгина вақт ўтганидан кейин Бахтиёр менга 2-3 марта келиб сўради, ака қайнағангиз қачон келади. Яна битта одам бор, ўшани ҳам қўшиб жўнатиб юбориш керак деб.

Мен унга: билет қиммат бўлиб кетди.

Гўшт оқламаяпти дедим. У айтди-ки, биз қайнағангизга билетини сотиб олиб берайлик, келиб кетсин деди.

Ўзлари ватсаппда гаплашишди. Қайнағам менга гўшт олиб келди ва кетаётганда яна битта тожистонлик бола билан кетди.

У бола кейин Бишкекка кетибди.

Уни ҳам ким эканлигини билмайман. Ҳозир интернетда ўқидим, у болани Зоир дейишаяпти", дейди тасодифан порталашга алоқадорликка айланган ва

қидирувга берилган Бурҳониддин Жантўрўев.

Унга Қирғизистондан Истанбулга гўшт етказиб берган қайнағаси, қарз олган қайни опаси ва омонат пулни Бишкекка етказиб берган таксист жияни, шунингдек, пулни Истанбулдан Қирғизистонга юборган "Ҳалол Тур" фирмасининг икки ходими ҳам Қирғизистон Миллия Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов изоляторида сақланмоқда. 2 кун аввал суд уларни тергов жараёни якунлангунича сақлаб туриш бўйича қарор чиқарган.

"Ҳозир анови Бахтиёр деган одам билан ҳеч боғлана олмаяпман. Қариндошларим қўлга олингидан кейин бир марта гаплашдим. Нега мени бундай ишга аралаштирдинг десам, қасам ичиб, мени алоқам йўқ деди ва ўшандан бери изин топа олмаяпман.

Бекордан, емаган сомсага пул тўлаб ўтирибман. Истанбулда тинч ишимни қилиб юргандим.

Бунақа бўлишини мен қаёқдан ҳам билай. Бошим қотиди, нима қилишни ҳам билмаяпман", дея афсусланади суҳбатдош.

У шунингдек Қирғизистонда ва Туркияда ҳам инсонлар ўзини яхши танишини айтади.

"Бизни Қирғизистонда ҳам, Истанбулда ҳам кўпчилик яхши танийди. Бир неча йил аввал ҳожи боши бўлганман. Бизни қўлимиздан ундай ишлар келмайди.

Ҳақиқат учун курашаман. Бўлган нарсани ҳаммасини айтиб бераман. Яширадиган ҳеч нарсам йўқ", дея қўшимча қилади Бурҳониддин Жантўрўев.

Эслатиб ўтамиз, 30 август куни ҳудкуш "Мицубиси Делика" автомашинасида эрталаб 9дан 40 минут ўтганда ўзини Бишкекнинг Хитойдаги элчихонаси олдида портлатиб юборган.

Портлаш оқибатида уч нафар элчихонанинг қирғизистонлик ходими ярадор бўлган, элчихона биноси ва атрофдаги уйларгага зарар етказилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.