Туркия касалхонасидаги қирғизистонлик аҳволи оғир

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

31-августда Анталия шаҳрига шифокорлар гуруҳи билан саёҳатга келган Татьяна Саенконинг соғлиги ёмонлашиб, тўрт кундан кейин касалхонага ётқизилган.

Шошилинч жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашиб, ҳозирда сунъий ҳаво олиб ётибди.

10-сентябрда тиббий суғуртаси муддати тугагани сабаб, 56 ёшдаги шифокор Татьяна Саенко Туркиянинг Анталия шаҳридаги хусусий шифохонадан давлат касалхонасига ўтказилган.

Татьяна Саенко ётган "Яшам Хастанеси" шифохонасининг исмини айтмаган ходими унинг аҳволи тўғрисида маълумот бермади.

"Биз ҳеч ким тўғрисида маълумот беролмаймиз. Ҳа, Татьяна бизда ётган. Бироқ бугун бошқа касалхонага ўтказишга тўғри келди", дейди ходим.

Ўпкаси ҳаво олиш ускунасига уланган Саенконинг туристлик тиббий суғуртадаги маблағи тугагани сабаб, уни яқинлари ва икки давлатни тегишли идораларининг кўмаги билан давлат касалхонасига ўтказилганини ўғли Александр маълум қилди.

"Онамни ҳозир хусусий шифохонадан давлат касалхонасига ўтказмоқда. Аҳволи жуда оғир, реанимация бўлимида ётган эди. Тиббий суғурта қилиб берган фирма биздан хабар ҳам олгани йўқ. У билан бирга саёҳатга борган шифокорлар гуруҳи қайси йўл билан келганини ҳам билолмаяпман. Онам гапира олмаганлиги сабаб, мени ҳам хабарим бўлмаяпти. Биз бугун касалхонага келсак, кийимларини олинглар деб, ўзини тез ёрдам билан олиб кетишди", дейди Александр.

Туркияда тиббий туризм сўнги йилларда жуда ривожланган тармоққа айланган. Икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ, қирғизистонлик шифокорларни тиббиёт йўналиши билан яқиндан таништириш мақсадида Туркияга олиб келган хусусий фирмалар ҳам талайгина. Шифокорлар касалхоналар фаолияти билан танишганидан кейин Анталия ва Истанбулда дам ҳам олиб кетади.

Шу йўналишда иш олиб борган Туркиядаги "Глобус саёҳат" фирмасининг раҳбари Ибрагим Доланчиўғли шифокорлар саёҳатида туристлик тиббий суғурта муҳим эканини урғулайди.

"Шифокорларни Қирғизистондан ким олиб келганини билмайман. Бироқ улар турист қатори келганлиги сабаб, суғуртаси ҳам туристларникидақа бўлади. Туркияга келган туристлар кўп холларда тиббий суғурта хизматидан фойдаланмаганлигидан, Татьяна кабилар оғир аҳволда операция қилинганида бу ердаги касалхоналар қиммат бўлиб қолади" - дея тушинтиради Ибрагим Доланчиўғли.

Туркияда хусусий касалхоналарни хизмат ҳақлари қиммат бўлганлигидан кўп ҳолларда туристларни чўнтаги кўтармайди. Соғлиқни сақлаш вазири Талантбек Батиралиев:

"Татьянани ўғли Александр билан гаплашдим. Уни хусусий касалхонадаги шифокорларга ҳеч қандай даъвоси йўқ. Мен раҳбарлар билан гаплашганимдан кейин уни давлат касалхонасига ўтказишди. Тиббий суғурта фирмаси ўз мажбуриятини бажариши керак. Пули тугагани учун даволанишни тўхтатмаслик керак", дейди вазир.

Татьяна Саенко ётган давлат касалхонаси замонавий технологиялар билан дунёга танилган.

Қирғизистонлик шифокор Татьяна Саенко 31-августда қирғизистонлик шифокорлар гуруҳи билан Анталияга келганидан кейин 4-сентярбда ўтидан операция бўлган. Уни билан келган гуруҳ шифокорлари 10-сентябрда Қирғизистонга учиб кетишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.