Туркманистонда президент муддати узайтирилди

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат конституциясидаги президент ёшига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаган ва президент ваколатининг муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган.

Бундан олдин Туркманистон конституциясида президент лавозимидаги инсоннинг ёши 70 дан ошмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган эди.

Энди бу борада ҳеч қандай чеклов бўлмайди.

Мамлакат конституциясига ўзгартиришлар Туркманистондаги оқсоқоллар кенгаши ва парламент томонидан тасдиқланган.

Президент Бердимуҳамедов конституцияга ўзгартиришларни зудлик билан маъқуллади ва ўзгаришлар кучга кирган.

57 ёшли Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йили декабрида ҳокимиятга келган эди.

Туркманистонни 1991 йилдан буён бошқариб келган Сапармурод Ниёзов тўсатдан вафот этиб қолди.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг илк қадамлари Туркманистонда тез орада сиёсий ислоҳотлар бошланишига умидларни уйғотган эди.

Бунга жаноб Бердимуҳамедовнинг мамлакат пойтахти Ашхободда ўрнатилган марҳум Туркманбошининг қуёшга қараб айланиб турадиган олтин ҳайкалини шаҳар марказидан олиб ташлашга, Сапармурод Ниёзов имзолаган қатор қарорларни бекор қилишга буйруқ бергани сабаб бўлди.

Хусусан, Туркманбоши ўзининг, онаси ва бошқа афсонавий жонзодларнинг номи билан атаган йил ойлари ва ҳафта кунлари номлари бекор қилиниб, эскилари қайтарилди.

Президент Бердимуҳамедов 10 йиллик мактаб таълимига қайтишга фармон берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркманбоши ҳукмронлиги йилларида мактабдаги ўқиш йиллари қисқартирилган, бу эса хорижда билим олишга халақит қиларди.

Шунингдек, Туркманбоши мамлакатда пенсияни бекор қилган, қишлоқ шифохоналари ва кутубхоналарини ёпган, опера ва балетни тақиқлаган эди.

Марҳум Туркманбошининг бу фармонлари ҳам бекор қилинди.

Сапармурод Ниёзов даврида Туркманистонда Интернет деярли тўсиб қўйилган, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эса оммага мўлжалланган бир неча Интернет-кафеларни очишга буйруқ берди.

Бироқ вақт ўтиши билан аксар кузатувчилар Президент Бердимуҳамедовнинг бошқаруви марҳум Туркманбошиникидан кам фарқ қилади, деган хулосага келдилар.

Иккисининг ҳам қўлида мутлақ ҳокимият жамланган.

2012 йили Туркманистонда президентлик сайлови ўтказилди.

Бу сайловда жаноб Бердимуҳамедов сайловчиларнинг 97 фоиздан ортиғи овозини қўлга киритиб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Бу президентлик сайловида Гурбангули Бердимуҳамедовга рақиб сифатида етти номзод рўйхатга олинган, аммо номзодларнинг барчаси ўз сайловолди кампанияси давомида жаноб Бердимуҳамедовнинг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашларини айтганлар.

Туркманистонда янги конституциянинг қабул қилиниши Гурбангули Бердимуҳамедовга умрбод президентлик учун йўл очади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.