Президент Атамбоев уч яшар болани топишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Ўзининг 60 ёшли юбилейини нишонлаган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Интернет ижтимоий тармоқларида қизғин баҳсу-мунозараларга олиб келган уч ёшли боланинг аҳволини ўрганишга буйруқ берган.

Интернетда ерга тўшалган картон қоғози устида ухлаб ётган гўдакнинг фотосурати тарқалган.

Социал тармоқ фойдаланувчилари ёзишича, фотосурат Қирғизистон жанубидаги Ўш вилояти Қорасув туманидаги Қорасув бозорида олинган.

Болакайнинг ота-онаси билан бозорга чиқишга мажбур бўлаётгани, ота-онасига ёрдам бериб чарчагани туфайли картон қоғози устига ётиб ухлаб қолганини ёзишган Интернет фойдаланувчилари.

Бундан хабар топган Президент Атамбоев боланинг шахсини ҳамда унинг ота-онасининг молиявий аҳволини ўрганишни буюрган.

Президент маъмурияти раҳбари Фарид Ниязовнинг матбуотга айтишича, президент буйруғи Бош вазир ўринбосари Гулмира Кудайбердиева ва ҳукумат масъули Таалайбек Сарибашевларга топширилган.

Ўш вилоят ҳокимлиги расмийлари хабар қилишларича, бола ва унинг оиласи аллақачон ижтимоий муҳофаза бўлими рўйхатига олинган.

Боланинг исми Исҳоқ экани, онаси ёлғиз экани, аёлнинг жами тўрт фарзанди борлигини айтишган Ўш вилоят ҳокимлиги масъуллари.

Оиланинг доимий яшаш жойи йўқлигидан болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаганини, энди эса уларга озиқ-овқат ва кийимлар етказиб берилгани хабар қилинган.

17 сентябр куни 60 ёшга тўлиши муносабати билан Президент Алмазбек Атамбоев қатор мамлакатлар раҳбарлари ва оддий фуқаролардан табриклар олган.

Қирғизистон президентига Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ҳам табрикнома йўллаган.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабарларида айтилишича, жаноб Мирзиёев ўз табригида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар янада ривожланишига умид билдирган.

"Ишончим комил, тарихан шаклланиб келган Ўзбек-Қирғиз муносабатлари яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва икки мамлакат ҳамда халқларимизнинг ўзаро манфаатларини инобатга олиб янада ривожланади", дейилади Ўзбекистон президентининг вазифаларини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг табригида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.