Ашхободнинг 2 миллиардлик аэропорти ишга тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркманистон пойтахти Ашхободнинг 2 миллиард 300 миллион АҚШ долларига баҳоланган янги ҳаво қўналғаси биноси фойдаланишга топширилган.

Аэропорт биноси осмондан қараганда парвоздаги лочинни эслатади.

Туркманистоннинг йўловчи ташишга ихтисослашган авиа ширкати "Türkmenhowaýollary"нинг рамзига ҳам парвоздаги лочин танланган.

Ашхобод Халқаро аэропорти мамлакат пойтахтидан 10 километр шимоли-шарқда жойлашган.

2012 йили янги ҳаво қўналғаси қурилиши учун тендер эълон қилинган ва Туркиянинг "Полимекс" қурилиш ширкати тендерни ютиб чиққани хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Янги аэропортнинг ҳар бир соатда 1600 дан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатишга қодир бўлиши режалаштирилган.

Бироқ мухбирларнинг ёзишича, яккаҳумрон бошқарув ҳамда бой табиий ресурсларга эга Туркманистонга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳларнинг сони жуда камдир.

Туркманистон ҳукумати расмий рақамларига кўра, 2015 йили мамлакатга 105 минг сайёҳ борган.

Туркманистоннинг хорижий мамлакатларидаги элчихоналаридан Туркман визасини олиш мушкул экани ҳам эслатилган.

Расман хабар қилинишича, янги ҳаво қўналғасининг учиш-қўниш йўлаги узунлиги 3800 метрни ташкил этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Гиннес рекордлар китоби вакили аэропорт биносининг томида дунёдаги энг катта гилам безаги чизилгани, нақш узунлиги 705 квадрат метрга чўзилганини тасдиқлаган.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистоннинг улкан транзит салоҳиятига эга эканини таъкидлаб келади.

Мухбирлар пойтахт Ашхободнинг яна бошқа қатор ноёб бинолари борлигига эътибор қаратадилар.

Ашхободдаги кутубхона биноси очиқ китоб шаклида барпо этилган.

Шунингдек, шаҳарда Туркманистоннинг собиқ раҳбари Сапармурод Ниёзовнинг ва жорий Президент Бердимуҳамедовнинг олтин ҳайкаллари ҳам қад ростлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.