Ўзбек-Қирғиз чегараси очилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қирғизистон Чегара Қўмитасига кўра, Қирғиз ва Ўзбек чегара хизмати вакиллари музокаралари ортидан баҳсли Ўнғортепадан ҳарбийларини чиқарган.

Бунинг ортидан, қарийб бир ойдан бери қамалда қолган Сўх-Шоҳимардон йўли ҳам очилган, чегарада назорат текшириш пункти одатий тартибда ишлай бошлаган, деб хабар беради Би-би-си мониторинг.

Бир неча кун олдин Би-би-си гаплашган фарғоналиклар Бишкекда бошланган МДҲ давлатлари саммити 18 сентябрда ниҳоясига етса, чегара очилар экан, деб умид қилишаётганини айтгандилар.

Чегара ёпиқлиги сўхликларни қийин аҳволга солиб қўйган, дори-дармон, озиқ-овқат билан муаммолар юзага келган.

Бироқ Фарғоналик фаол Баҳодир Элибоевга кўра, чегаранинг Риштон томони ҳали ҳам ёпиқлигича қолмоқда. Сўх ва Риштон аҳолиси ўзаро борди-келдида қийналишяпти.

Ўзбекистон бу борада ҳали муносабат билдиргани йўқ.

22 августда Ўзбекистоннинг етти милиция ходими Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги баҳсли Ўнғортепа ҳудудига тикучарда бориб қўнгани хабар берилганди.

Ўзбекистон у ерда ретрансляцион станция ходимлари бўлган тўрт Қирғиз фуқаросини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаб ҳибсга олган. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистондан ҳибсга олинган ички ишлар ходимини озод қилишни ҳамда Ўзбекистон Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Орто-Токой сув омбори деб айтадиган сув ҳавзаси атрофидаги тўсиқни олишни талаб этган.

Ўзбекистон Ўнғортепани ўзини деб эълон қилган.

Қирғизистон ўз навбатида Ўзбекистонни баҳсли ҳудудни ноқонуний босиб олишда айблаб қўшимча милиция кучларини киритганди.

Кейинроқ Қирғизистон Ўзбекистон ички ишлар ходимини қайтарган бўлсада, Ўзбек томонидан ҳарбийлари чегарадаги тан олинмаган ҳудудда қолаётган эди.

Музокаралар натижасида 8 сентябрда ҳибсдаги тўрт қирғизистон фуқароси қўйиб юборилган. Бироқ икки томондан ҳам милиция ходимлари олиб кетилмаган.

Шунингдек, 2 сентябрда ҳам икки тикучар 10-15 дақиқа оралаб Ўнғортоғга қўнгани хабар қилинган.

Маълумот учун: Ўнғортоғ тепалиги Қирғиз-Ўзбек чегарасида Жалолобод вилояти Оқсой тумани ҳудудида жойлашган. Бу майдон баҳсли ҳисобланиб, расман тасдиқланмаган. Ўнғортоғ баландлиги 1947 метр бўлиб, умумий майдони 47 нектарни ташкил этади.

1969 йил Ўнғортоғда радиорелей станция қурилган. У "Қирғизтелеком"га қарашли бўлиб, телеканаллар сигналларини тарқатишга мўлжалланган. Бундан ташқари Қирғизистон мобил алоқа операторлари тўлқин кучайтиргичлари ҳам ўша тепаликда жойлашган.

Ўзбекистон кучлари олиб чиқилгач, чегарада назорат текшириш пункти одатий тартибда ишлай бошлаган, деб хабар беради Би-би-си мониторинг.

Бу ҳолат қирғиз оммавий ахборот воситаларининг Қирғизистон баҳсли ҳудуд борасида Ўзбекистон билан муросага келиши мумкин, деган хабарлар манзарасида кузатилмоқда.

Айни пайтда Ўртатўқай сув омбори бўйича музокаралар давом этаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.