Атамбаев саломатлиги боис АҚШга сафарини бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев саломатлиги юзасидан қисқа муддатли таътилга чиққан.

Президент матбуот хизматига кўра, жаноб Атамбаев юрак билан боғлиқ муаммолар боис тиббий текширувдан ўтиши керак бўлади.

Таътил 2016 йил 1 октябргача давом этиши мумкин, деб аниқлик киритган матбуот хизмати.

Шу билан бирга, Қирғизистон Президенти маъмурияти бошлиғи Фарид Ниёзовнинг Рейтер агентлигига билдиришича, Атамбаевнинг соғлиги қониқарли, давлат раҳбари тиббий текширувдан ўтиб қўяди холос.

19 сентябрда Атамбаев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясига қатнашиш учун режаланган сафарни юраги билан боғлиқ муаммо туфайли бекор қилгани маълум бўлди. БМТ мажлисида Қирғизистон Ташқи Ишлар вазири қатнашадиган бўлди.

Хабар қилинишича, Бишкекдан Нью Йоркка парвоз қилган президент учоғи Истанбулга қўнганида Атамбаев ўзини ёмон ҳис қилган.

Алмазбек Атамбаев 17 сентябрда 60 га тўлган. 16-18 сентябрда Бишкекда ўтган МДҲ саммитида давлат раҳбарлари Атамбаевни туғилган куни билан табриклаганлар. Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг табригини етказиб қўйган.

Атамбаев республика президентлигига уч марта ўз номзодини қўйган.

Фақат учинчи марта, 2011 йил 30 октябрда Қирғизистон президентлигига сайланди.

Атамбаев 2011 йил 1 декабрдан Қирғизистон раҳбари лавозимига киришган.

Сўнгги ҳафталарда Атамбаев билан 2010 йил муваққат ҳукумат аъзолари ўртасида унинг мустақиллик байрамида сўзлаган нутқи орқасидан тортишувлар келиб чиққани кузатилаётганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.