Атамбаев турк шифокорлари назорати остида қолади

Алмазбек Атамбаев

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига билдирган.

19 сентябр куни Истанбул аэропортида президент Алмазбек Атамбаевнинг юраги ёмон бўлиб қолгани хабар қилинганди.

Ўзини тўсатдан нохуш ҳис қилган пайтда Қирғизистон раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этиш учун Бишкекдан Истанбул орқали Нью-Йоркка учаётган бўлган.

Энди унинг турк шифокорлари назорати остида қолиши, Қирғизистон ҳайъатига эса, мамлакат Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевнинг бошчилик қилиши айтилмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаевнинг ҳозир айнан қаерда экани борасида расмий маълумотлар йўқ.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати унинг Измир шаҳридаги "Шератон" меҳмонхонасида қолаётгани ёки Туркия касалхоналаридан бирига ётқизилганига оид турк оммавий-ахборот воситаларининг хабарларини шарҳлашдан бош тортган.

Фақат "Алмазбек Атамбаевнинг ҳозир Туркияда", эканини билдириш билан кифояланган, холос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.kg

Сешанба куни эрталаб Қирғизистон президенти матбуот хизмати унинг тиббий текширувдан ўтиши лозим экани боис, қисқа муддатли таътилга чиқишини маълум қилган.

Президент таътилининг 1 октябрларгача чўзилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилганди.

Аммо Алмазбек Атамбаевнинг айнан қаерда тиббий текширувдан ўтиши тафсилотларига тўхталмаганди.

2011 йилда Қирғизистон президенти этиб сайланган жаноб Атамбаев 17 сентябр куни 60 ёшга кирган.

Ўзининг таваллуд санасида Бишкекда МДҲ давлатлари раҳбарларининг юбилей саммитига мезбонлик ҳам қилганди.

3-8 сентябр кунлари эса, Қирғизистонда 2-Умумжаҳон Кўчманчилар Ўйинлари бўлиб ўтган.

Ўйинларнинг расмий очилиш маросими Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимига тўғри келган.

Самарқандда бўлиб ўтган дафн маросимига Қирғизистон президенти ўз Бош вазирини юборганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу - Алмазбек Атамбаевнинг саломатлиги билан боғлиқ илк хабарлар эмас.

Сўнгги йилларда турли оммавий-ахборот воситаларида унинг Туркия ва Москвада қизилўнгачи ва тиззасида ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказганига оид хабарлар олинган.

Бундан 3 йилча бурун Туркия Ҳарбий-тиббиёт академияларидан бирида тиббий текширувдан ўтгани ҳақида ҳам ёзилганди.

Ўтган йил охирларида жаноб Атамбаевнинг муолажа-профилактика мақсади билан қисқа муддатли таътилини Хитойда ўтказиб қайтганига оид хабарлар ҳам ўртага чиққанди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradioБи-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.