Маҳкама Рашод Камоловни қамоқда қолдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Soipov

Жорий йилнинг 14 сентябрида Қирғизистон Олий маҳкамаси Рашод Камолов ҳимоячиларининг аризасини кўриб чиққан.

Ҳимоячиларга кўра, экстремизмда айбланиб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган таниқли имом Рашод Камоловни қамалиши ортида Ўзбекистон турибди деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

"Биз ҳимоямиздаги инсон Рашод Камоловни айбсизлиги бўйича судга етарлича исботлар берганимизга қарамасдан, ҳакам Ўш вилоят суди қарорини кучида қолдирди, яъни уни айбдор деб топди ва 10 йилга ҳукм этди" - дейди имомнинг ҳимоячиларидан бири Ҳусанбой Солиев Би-би-сига.

Унинг сўзларига кўра, қуйи инстанция суд жараёнларида Рашод Камоловнинг ҳалифалик ҳақида айтганларини таҳлил қилиб, унга баҳо берган ва қанчалик жиҳодга даъват этилганини ўрганиб чиққан мустақил мутахасисларнинг кўрсатма беришларига рухсат этмаган.

Қирғизистон қонунчилигига биноан, Олий маҳкама қарори якуний ҳисобланади. Унга нисбатан норозилик шикояти билан идораларга арз қилишга йўл берилмайди. Фақат иш бўйича янги жиҳатлар пайдо бўлган вазиятдагина қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ўтган йилнинг 9 февралида жиҳодга даъват этганлик ва Суриядаги жангларга одамларни жўнатганликда гумонланиб қўлга олинган Қорасув шаҳридаги "Ас-Сарахсий" масжиди имоми Рашод Камоловни, Қорасув туман суди айбдор деб топган ва унга 5 йиллик қамоқ жазосини тайинлаган эди.

Сўнгра 2015 йилнинг 24 ноябрида шикоят аризаси орқасидан ишни қайта кўрган Ўш вилоят маҳкамаси Рашод Камоловни "Динлараро низони қўзғаш" ва "Таъқиқланган экстремистик маълумотларни тарқатганликда" айбдор деб топиб, 10 йиллик қамоқ жазоси беришга қарор қилган.

Ўзининг маърузаларида бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан ислом асосларига таянган холда масжидга келган намозхонларга тушунча бериб келган ва вилоят миқёсида мавжуд муаммолар юзасидан очиқ гапирадиган кам сонли имомлардан ҳисобланган Рашод Камолов ўзига қўйилган айбловларни барчасини қатъиян рад этиб келади.

"Мени қамалишим ортида бизни диёрларда ҳам ҳозирги кунда давом этаётган Суриядаги жанглар каби мусулмонлар ўртасида урушни келтириб чиқаришга манфаатдор кучлар турибди деб ўйлайман" - деб айтган эди Рашод Камолов суд жараёнларининг бирида Би-би-сига.

Айнан қайси кучлар эканини аниқ айта олмаслигини гапирган собиқ имом, қамалишидан ярим йил аввал Ўзбекистондан ўни ўлдириш учун келган Азиз исмли шахсни махаллий одамлар тарафидан қўлга олиниб, милицияга ўтказиб берилганини ва бир нечта оғир моддалар билан айбланиб 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганини қўшимча қилади. Кейинчалик эса бу шахс тушунарсиз холатда қамоқдан озод этилиб Ўзбекистонга ўтиб кетган.

2006 йилнинг август ойида Рашод Камоловнинг отаси МуҳаммадРофиқ Камолов Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари биргаликда ўтказган махсус амалиёт пайтида мошина ичида отиб ўлдирилган эди.

Кузатувчилар Қирғизистон жанубидаги мусулмонлар орасида ўз обрўсига эга бўлган имом Рашод Камоловнинг қамалиши, унинг жамоаси ва маҳаллий аҳоли орасида давлатга нисбатан нафрат ва норозилик ҳиссиётини пайдо бўлишига олиб келишидан хавотир билдирадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.