Тожикистонда ҳуқуқ фаолларининг оиласига босимлар

Варшавада ўтган инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича учрашувда қатнашган тожик мухолифати вакиллари Тожикистонда инсон ҳақларининг оммавий равишда бузилиши ҳақида сўзлаб берганлар.

Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг қамоқдаги раҳбарияти суратлари туширилган футболкаларни кийиб олганлар.

Учрашувдан бир кун ўтиб, Тожикистонда мухолифат аъзоларини гуруҳ-гуруҳ ҳибсга олиш бошланган, хавфсизлик ходимлари томонидан сўроқ қилинганлар. Бундан ташқари уларнинг оилаларига босимлар кучайгани хабар қилинмоқда.

22 сентябрда Хўжанд ва Кўлобда мухолифат арбоблари Илҳомжон Ёқубов ва Шабнам Худойдованинг уйи олдида маҳаллий аҳоли йиғилиб, "халқ душмани, террористлар ва сотқинлар!" деб қичқирганлар.

Бир қанча кишилар Ёқубовнинг уйига бостириб кириб, унинг онасини калтаклаганлар.

Кўлобда ўқитувчилар, талабалар ва диний уламолардан иборат юздан ортиқ маҳаллий яшовчилар Шабнам Худойдова уйи олдига келиб, уни халқ душмани деб атаганлар ва ундан президент Раҳмонни танқид қилишни тўхтатишни талаб қилганлар. Худойдованинг 10 ёшли қизини мактабдан ҳайдаганлар.

Жума куни ҳукуматпарсат кучлар томонидан тайёрланган акцияларда талабалар иштирок этиб, ОХҲТдан тожик мухолифатини қувватлашни тўхтатишга талаб қилганлар.

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Тожикистон ҳукуматининг Варшавада сўзга чиққан ҳуқуқ фаолларининг оила аъзоларига бошлаган босим ва таҳдидларни кескин танқид қилиб, ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Тожикистонда Ислом Уйғониш партияси тақиқланиб, сўнг террористик ташкилотга чиқарилганидан сўнг юзлаб партия аъзолари ҳибсга олинган.

Партия раҳбари Муҳаммад Кабирий дохил бир қанча вакиллари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.