Уч маҳбус ўзини Тошкентга бермасликни сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тожикистонда жазо муддатини ўтаган уч ўзбекистонлик маҳбус Душанбедан ўзини Тошкентга бермасликни сўраган.

Тожикистон Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ, чет эл фуқаролари озодликка чиқариладилар.

Шу кунларда қамоқдан чиқарилиб, ватанига юборилиши кутилаётган шахслар Тожик ҳукуматига хавотирларини билдирганлар.

Саккиз йил олдин чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб қамалган икки маҳбуснинг сўзларига қараганда, ўзлари Ўзбекистонга топширилсалар, у ерда қийноқлар ва такрор жазога дучор қилинишлари мумкин

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятилик Шерзод Қурбонов ва Нормаҳмад Ажабов Душанбедаги жазо колониясида сақланган. Улар айни пайтда БМТнинг Душанбедаги идорасига ва ҳуқуқ ташкилотларига мурожаат қилишган.

Шерзод Қурбоновнинг айтишича, уч кун олдин қамоқ муддати тугаган, бироқ уларнинг ҳужжатлари Ўзбекистонга жўнатиш учун тайёр бўлгунига қадар зонада қолишади.

Унинг сўзларига қараганда, 2009 йил хотини ва болалари, шунингдек Нормаҳмад билан бирга ислом қадамжолари бўйлаб сафарни пиёда амалга оширмоқчи бўлганлар. Лекин тожик-афғон чегарасида ушланадилар ва жазога тортиладилар.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўшанда хотиним ва болаларимни Ўзбекистонга қайтариб юборишганди", дейди Шерзод.

Тожикистон Адлия вазирлиги жазони ижро этиш бошқармаси ходимининг билдиришича, икки маҳкум дастлаб Тожикистон ва Ўзбекистонда тақиқланган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорликда айбланиб ушланганлар. Шу боисдан улар ватанига қайтишдан хавотир олаётган бўлиши мумкин.

Инсон ҳақлари ташкилотлари ва фаолларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида айни пайтда диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган минглаб маҳкумлар бор.

Уларнинг ўз муддатида озодликка чиқишлари эҳтимоли жуда кам. Маҳкумлар жазони ўташ пайтида шафқатсиз қийноқларга тутилиши айтилади, "қамоқхона тартибини бузгани учун" кетма-кет муддат қўшиб берилиши кузатилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.