‘Президент Атамбаевнинг аҳволи қониқарли’

Алмазбек Атамбаев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Қирғизистон президенти матбуот хизматининграсман билдиришича, Алмазбек Атамбаев шу ҳафта охирида касалхонадан чиқиши ҳам мумкин.

Бир муддат турк шифокорлари назорати остида бўлган президент Атамбаев ўз муолажасини Москвада, Россия президенти ишлари бўйича Бошқарманинг марказий клиник касалхонасида давом эттирмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаевнинг юраги 19 сентябр куни Истанбулнинг "Отатурк" аэропортида ёмон бўлиб қолган, орадан тўрт кун ўтиб, Россия пойтахтидаги Марказий клиник касалхонага ётқизилганди.

Ўзини тўсатдан нохуш ҳис қилган пайтда Қирғизистон раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этиш учун Бишкекдан Истанбул орқали Нью-Йоркка учаётган бўлганди.

Бунинг ортидан Қирғизистон президенти матбуот хизмати унинг тиббий текширувдан ўтиши лозим экани боис, қисқа муддатли таътилга чиқишини маълум қилган.

Президент таътилининг 1 октябрларгача чўзилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилганди.

Қирғизистон президентининг тиббий текширувдан ўтиши лозимлиги билдирилган, аммо айнан қаерда экани тафсилотлари очиқланмаганди.

Қирғизистон президенти расмий веб саҳифасидаги сўнгги маълумотлардан аён бўлишича, жаноб Атамбаев бундан аввал ҳам юрагини текшириб, даволаган россиялик шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаевдаги аритмия (юрак пульсининг тез ёки секин уриши)ни даволаш учун Россия Тиббиёт Фанлар Академияси академиги, профессор Амиран Ревишвили жалб қилинган.

Ҳозирга келиб, юрак уришидаги бузилишлар билан боғлиқ муаммолар буткул бартараф этилган.

Шунингдек, Алмазбек Атамбаевнинг қизилўнгачи ҳам текширилган.

Россиялик шифокорлар Қирғизистон президентининг аҳволи анча ўнгланди, деган хулосага келишган.

2008 йилда қирғиз раҳбарининг Туркияда қизилўнгачида жарроҳлик амалиёти ўтказгани, бунга заҳарланиш ҳодисаси сабаб бўлганига оид хабарлар ҳам ўртага чиққанди.

Маълум бўлишича, президент Алмазбек Атамбаевни москвалик мутахассислар билан бир қаторда Қирғизистон Республикаси ва ҳукумати ишлари бўйича Бошқарма клиник касалхонасининг даволаш бўлиши Бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Гулмира Баитова ҳам даволамоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.