Қирғиз депутатлари халқдан узилиб қолганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жўғўрқу Кенгашдаги "Онугуу-Прогресс" фракцияси депутати Гулшат Асилбаеванинг давлатдаги ойлик иш ҳаққи борасида айтганлари баҳсу-мунозараларга сабаб бўлган.

Унинг Қирғизистонда 9 минг сўмдан кам ойлик олувчилар борлигини шубҳа остига олгани ҳукумат ва оддий халқ орасидаги ижтимоий фарқлар каттариб бораётгани борасидаги мулоҳазаларни келтириб чиқарган.

"Мен бизнинг давлатда кимдир бу каби оз ойлик олишига шубҳаланаман. 8-9 минг сўмлик ойлик йўқ", деб айтган депутат хоним парламент йиғинида.

Гулшат Асилбаеванинг ўзи тижорат билан шуғулланади. 2006-2014 йиллар у "Қирғиз коняги" корхонасини бошқарган. Асилбаева ўтган йил парламентга "Онугуу-Прогресс" партияси номидан сайланганди.

Унга боғланиш ва парламент йиғинида айтган гапига изоҳ олиш уринишларимиз самарасиз кечди.

Аммо, айни партиядан Тазабек Икрамов ҳамкасбининг сўзлари нотўғри талқин қилинганини айтади. Шунингдек, у депутатлар ўз ваколатлари доирасида халқ фойдаси учун жон куйдиришаётганини таъкидлайди.

"Унинг баъзи сўзларини бўлиб олиб, интернетга чиқариб юбориш тўғри эмас. "Нима учун ҳукумат ойликларни оширмайди, бундай ойликка яшаган одамларнинг яшаш даражасини кўтариш керак" деган маънода гапирган гаплари охирини ёзмасдан чиқариб юбориш нотўғри. Депутатлар ҳам халқ муаммосини ҳал қилиш учун юришибди. Қонунларни қабул қилиб, бюджетни бўлиб беряпмиз. Ўшани халққа тўғри қилиб беринглар деяпмиз. Шундай ижтимоий масалаларни ҳал этинглар, деб ҳукуматга айтиб келаяпмиз. Депутатларни ёмонлаб, уларни халқдан бошқача қилиб кўрсатиш бўлмайди-да", дейди депутат Тазабек Икрамов.

Ижтимоий масалалар бўйича мутахасис Самар Сирғабаев эса: "Парламентни бу чақирилишидаги депутатлар аксарияти тижорат соҳасидан келган, даромади, бойлиги кўп одамларни ташкил этади. Депутат хонимнинг айтгани оддий халқ орасида қизғин баҳсларни уйғотгани бекорга эмас. Бу депутатлар сайловчиларидан, ўз жамоасидан узоқда эканини кўрсатади. Мен ушбу воқеадан кейин Қирғизистондаги ойликлар миқдорига оид маълумотларни қараб чиқдим. У ерда 9 минг сўм ўртача ойликдан юқори ҳисобланади. Депутат хонимнинг айтганлари у иқтисодий аҳволни билмаслигидан даракдир. Депутат сифатидаги иш фаолияти даражаси ҳам савол остида", дейди.

Бундан олдин ҳам баъзи депутатларнинг чиқишлари муҳокамаларга сабаб бўлганди. Социал - демократлар фракцияси депутати Рискелди Момбеков милиция ходимлари депутатларни танимасликлари ҳақида айтган.

Унинг сафдоши Қўжўбек Риспаев эса яқинда Халқаро кўчманлар ўйинларида ҳукумат аъзолари енгил автомобилда юришгани, депутатлар "камситилиб" автобусда олиб келинганидан норозилик билдирганди.

Қирғизистондаги маошлар бўйича маълумотга кўра, ўртача ойлик иш ҳақи 13 минг сўмни, яъни тақрибан 191 долларни ташкил қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.