Меҳнат муҳожирлари миллиардлаб фойда келтирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собяниннинг билдиришича, пойтахтда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларидан солиқлар миқдори кўпаяди.

Москва ҳукумати меҳнат муҳожирларидан олинадиган солиқ миқдори 2016 йилда 12 миллиард рублга етишини мўлжалламоқда.

"Патентнинг киритилиши 2015 йилда Москва бюджетига 11 миллиард рубл келтирди, жорий йилда бу кўрсаткич 12 миллиардни ташкил этади", - деб айтган жаноб Собянин.

Москва шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларидан давлат бюджетига келиб тушадиган маблағ нефть компанияларидан олинадиган даромад солиғи билан баробардир.

Собянин аниқлик киритишича, Россияда 7 миллион атрофида меҳнат муҳожирлари бўлиб, уларнинг тахминан икки миллиони Москва шаҳри ва вилоятида деб кўрилади.

Россиядаги иқтисодий инқироз барча соҳалар каби меҳнат муҳожирларига ҳам таъсир қилган.

Хусусан, уларнинг Россияга келган пайтда турли ҳужжатлар учун тўлайдиган пуллари миқдори оширилган.

Би-би-си билан суҳбатлашган меҳнат муҳожирларининг айтишларича, уларни энг кўп қийнайдиган нарса бу патент тўлови.

Мисол учун, 2015 йилда Москва шаҳридаги меҳнат муҳожирлари патент учун ойига 4000 рубл тўлаганлар. 2016 йилда патент пули 200 рублга қимматлаган.

Москва шаҳар ҳокими меҳнат муҳожирлари тўловлари орқасидан келадиган пул пойтахт инфратизимини ривожлантириш учун сарфланишини қайд этган.

Россияга тирикчилик илинжида борган марказий осиёлик кўплаб меҳнат муҳожирлари ўтган йилларда у ерда юзага келган қийинчиликлар орқасидан ватанга қайта бошлаганлар.

Шу билан бирга, баъзи ўзбекистонлик фуқаролар Россияда ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларни олиш нархи ошганига қарамасдан, бу ерда пул топиш Ўзбекистондан кўра осонроқ деган фикрда. Улар ҳозирча Россияда ишлаб топган пуллари билан оилаларини боқиш ниятидалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.