Қундуз: Жангарилар орасида ўзбекистонликлари ҳам бор

Усмон Ғозий Фото муаллифлик ҳуқуқи VIDEO

Марказий Осиёга бевосита қўшни Қундуз вилоятидаги жанглар тўртинчи кунига кириб бораркан, бундай баёнот билан Афғонистон Мудофаа вазирлиги чиққан.

Бу ҳақдаги видеолавҳани Би-би-си Ўзбек хизматининг Youtubeдаги каналида томоша қилинг.

Вазирлик матбуот воизи Давлат Вазирийнинг Би-би-сига расман маълум қилишича, вилоят маркази Қундуз шаҳрида Толибон билан бир сафда Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва Чеченистон фуқаролари ҳам жанг қилишмоқда.

Аммо воиз жаноблари бу хорижий жангариларнинг сони ва қай бир гуруҳга мансуб эканликлари тафсилотларини очиқламаган.

Ўтган йил Толибон билан иттифоқчиликда Қундуз шаҳрини бир муддатга босиб олган ва аксарияти марказий осиёлик экани айтилган хорижий жангариларни эса, вилоят масъуллари ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат беришган.

Сонлари бир неча юз нафар экани айтилган бу жангарилар ўшанда толибларга бошчилик қилишган ва ҳаракатнинг 2001 йилдан буёнги энг йирик ғалабасини қўлга киритишини таъминлашганди.

Афғонистонда фаолиятда бўлган ИШИД гуруҳи сафларидаги марказий осиёлик жангарилар аксариятини Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ташкил этишади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, етакчиси Усмон Ғозий бошчилиги остида бундан икки йил бурун тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи раҳбари ва исломий халифати халифи Абу Бакр Бағдодийга байъат келтирган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг худди ўша йилги оммавий сафарбарлиги ортидан кечган вақт оралиғида бу жангарилар Афғонистон жануби-шарқидан аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимоли-шарқига қадар сизиб киришга муваффақ бўлишган.

Ўзларига қарши жанг қилаётган исёнчилар орасида ИШИД жангарилари борлигини сўнгги йилларда Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги қатор йирик ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган мамлакат биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг шахсан ўзи ҳам эътироф этганди.

Ўтган йили толиблар бу жангарилар етакчилиги остида Қундуз шаҳрини уч кун ўз қўлларида тутиб туришга муваффақ бўлишган, уларни даф этиш учун афғон ҳукумат кучлари ва АҚШ қўшинларига қарийб уч ҳафта лозим бўлганди.

Афғонистондаги ИШИД жангариларнинг сони турли манбаларда бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин этилади.

Қундуздаги сўнгги жанглар тўртинчи кунига кириб бораркан, ҳар икки томон ҳам жанг жабҳасида ўзларининг қўллари баланд келаётганини иддао этишмоқда.

Сўнгги жанглар

Афғон томонига кўра, Қундуз маркази ҳозир ўз қўлларида ва жанглар ҳозир асосан шаҳар сарҳадларида бормоқда.

Аён бўлишича, сонлари бир неча юз нафар экани тахмин этилаётган бу жангариларга қарши минглаб афғон ҳарбийлари ташланган, уларга ҳаводан мадад бериш учун Афғонистон Мудофаа вазирлигининг катта сондаги ҳарбий тикучарларидан ташқари, Натонинг қирувчи учоқлари ҳам жалб этилган.

Рақиб томонлар ўтган тўрт кун ичида берган талафотлар сонига оид аниқ рақамлар имконли эмас.

Аммо Афғонистон томонининг даъво қилишича, орада кечган вақт давомида ўнлаб жангариларни ўлдиришга муваффақ бўлишган. Толибонга оғир талафот етказишган. Ўз навбатида ҳаракат ҳам худди шундай мазмундаги иддао билан чиққан.

Хавотирлар

Сўнгги жанглар Қундузга бевосита қўшни Тожикистоннинг ҳам хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Тожикистон раҳбарияти Афғонистон билан ўзаро чегарасидаги барча қўшинларини ҳарбий тайёргарлик ҳолатига келтиришга қарор қилган.

Хабарларга кўра, Афғонистондаги бугунги ҳолат президент Имомали Раҳмон ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котиби Душанбедаги музокараларининг ҳам асосий мавзуларидан бири бўлган.

Қундуздаги вазият сабаб, Тожикистон сўнгги икки йил ичида Афғонистон билан ўзаро чегарасида фавқулодда хавфсизлик чораларига қўл урган. Бунақаси Тожикистон мустақиллиги тарихида кузатилмагани айтилганди.

Ўз навбатида, шундоққина биқинларида вужудга келаётган бу каби ҳолатдан Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё давлатлари баробарида Россия ва қудратли Хитой ҳам жиддий хавотирда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эса, донор давлатларнинг 4-5 октябр кунлари Брюсселда бўлиб ўтган ва Афғонистонга миллиардлаб доллар қўшимча молиявий кўмаклар ваъдаси янграган йирик халқаро анжуман чоғида Толибон ҳаракатини яна бир бор афғон ҳукумати билан ростмана сулҳу мадорага боришга ундаган.

Толибон ҳаракати эса, афғон тупроғида битта бўлса ҳам хорижий аскар қоларкан, ҳеч бир томон билан музокаралар олиб бормаслигини таъкидлаб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.