Афғонистондаги ҳамжинсбозлар: Ўлим таҳдиди остидаги ҳаёт

Афғонистон

Ҳамжинсбозлик Афғонистонда очиқча гапирилмайдиган мавзу.

Матбуот бу ҳақда сўз очмайди, жамиятда эса ноисломий, дея қораланади.

Натижада мамлакатда ҳамжинcбоз ё-да ҳар икки жинс билан ҳам алоқада бўлувчи ёки жинсини ўзгартирганлар сони ҳақида маьлумот йўқ.

Би-би-си тўрт турли жинсий мойиликка эга бўлганлар билан суҳбатлашган.

Уларнинг ҳаммаси яширин ҳаёт кечирадилар, лекин ўзликларига содиқ қолишни афзал биладилар.

(Мақоладаги барча исмлар хавфсизлик важидан ўзгартирилган).

Зайнаб 19 ёшда. Ота-онаси ва инилари унинг ҳиссиётларидан мутлақо бехабар.

"15-16 ёшларда эдим. Йигитларни умуман хуш кўрмаслигимни тушуниб етдим. Гўзаллик салонида ишлардим. Жуда кўп қизлар келишарди. Ўшанда билдимки, йигитларни эмас, қизларни ёқтирарканман".

Зайнабнинг айтишича, илк қиз севгилисига юрак ютиб, сўз очгунга қадар йиллар ўтган.

Очилиш

"Зайнаб кўп йиллик дугонасига муҳаббат изҳор қилиб, "қиз бола йигитга нисбатан нимани ҳис қилса мен сенга нисбатан шундай ҳисга эгаман", деб айтганда у дастлаб дахшат тушди. Ўзини олиб қочиб юрди. Лекин кейинчалик улар жуфтлашдилар.

Зайнабнинг айтишича, улар ҳафтасига бир-икки маротаба пинҳона учрашишга муваффақ бўлардилар. Лекин муносабатлари сир эди.

"Ҳажинсбоз қизлар кўп. Лекин улар бу ҳақда очиқ гапира олмайдилар. Афғонистонда ҳамжинсбоз бўлиш ноисломий кўрилади. Агарда билиб қолишса, оқибати ўлим. Менинг оилам ҳеч қачон билмаслиги керак",- дейди Зайнаб.

Би-би-сига ўзлари ҳақида гапирган ҳамма ҳамжинсбозлар Афғонистонда таҳликада яшайдилар.

Улар, шунингдек, турмушга чиқиш ёки уйланиш ва анъанавий жамият қонун-қоидаларига бўйсуниш босими остидалар.

Турли баҳоналар

Довуд ҳамжинсбоз эканлигини 18 ёшда билиб қолди. Лекин шунга қарамай, бир қизга унаштирилди.

"Менинг розилигимни сўрашмади. Менга қизлар ёқмагани учун фотиҳани бузишни хоҳладим".

Image caption Неьмат Садат 3 йил олдин ҳамжинсбозлигини ошкор қилган

Алал-оқибат фотиҳа бузилди ва ҳозирда Довуд йигит маъшуқи билан бахтиёр.

"Ҳисларимиз жуда ўткир. Бир-биримизни кўрганда бошқа дунёга тушиб қолгандек бўламиз".

Лекин Довуд ҳам яширин ҳаёт кечиришга мажбур.

"Афғонистонда ҳамжинсбозлик салбий кўриниш ҳисобланади. Агар билиб қолишса, балким бизни осишади",-дейди у.

Ноқонуний амал

Ҳамжинсбозлар ёки жинсини ўзгартирганлар ҳақидаги қонун Афғонистонда аниқ-ойдин эмас. Лекин қонуншунослар ва ҳамжинсбозларнинг ўзлари бу амал жиноят сифатида кўрилишига шубҳа қилмайдилар.

Афғонистон Жиноий Кодексининг 427- моддасида бесоқолбозлик хақида сўз юритилади ва жуфтлардан бири норасида бўлиши назарда тутилиб, бу каби жиноят учун узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланиши айтилган.

Лекин афғон ва исломий қонунчилик бўйича мутахассис, Британиянинг Ҳолл Университетидан доктор Ниёз Шоҳнинг айтишича, афғон жиноий кодекси Исломда бесоқолбозлик тақиқланиши тамойилини акс эттиради.

"Шариатда фақатгина бир турдаги жинсий муносабат, яъни никоҳда бўлган ва вояга етган эркак билан аёл ўртасидаги алоқага рухсат берилган. Агарда икки ёш йигит бир-бири билан алоқада бўлмоқчи эканлигини айтса, бу одамларни даҳшатга солади ва уларни ҳатто ўлдирмоқчи бўлганлар топилади",- дейди доктор Шоҳ.

Унга кўра, ҳамжинсбоз эркаклар афғон жамиятида кўплаб учраса ҳам, улар ўзларини шундай кўрмайдилар ва аксар ҳолларда аёллларга уйланадилар.

"Ҳамжинсбозлик концепцияси афғон жамиятига ётдир", -дейди у.

"Мен Афғонистонда икки эркак очиқчасига ўз муносабатларини изҳор этиб, аёлдан воз кечган биронта ҳолни ҳам билмайман".

Таниқли афғон уламоси Шамс ул-Раҳмоннинг Би-би-сига айтишича, агарда ҳамжинсбозлик исботланган тақдирда, унинг жазоси ўлим эканлиги борасида уламолар орасида ҳамфикрлик бор.

"Уларинг устига эски девор ағанатиб, энг дахшатли йўлда ўлим топишлари керак",- деди у.

Ошкора ва мағрур

Ҳамжинсбозларга нисбатан жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчи бўлганлардан бири Неьмат Садат. У 3 йил аввал ўзининг ҳамжинсбоз эканлигини ошкор қилган.

"Ҳатто Ғарбда яшаётган яқинларимнинг аксари мендан юз ўгиришди. Энг зўр олийгоҳлар Гарвард ва Берклейда ўқиганлар ҳам мени қабул қила олмадилар",- дейди ҳозирда Вашингтонда яшаётган Неъмат.

Неъмат Афғонистонда туғилган. Лекин хорижда ўсиб, улғайган. 2012 йилда илмий фаолият юритиш учунгина Афғонистонга қайтди.

Ҳамжинсбоз эканлиги ҳақида ошкор айтиши ортидан, афғон расмийлариниг босими остида Кобулдаги Америка олийгоҳидаги ишидан ажралди.

Унинг айтишича, ўзига ўхшашларнинг ҳаётлари билан танишиш учун кўплар билан суҳбатлашган.

"Ҳамма жойда бўлгани каби бу ерда ҳам ҳамжинсбозлар учрашадиган ерлар бор. Лекин у ерда учратган шахслар билан кўпда узоқ муддатли муносабат қура олмайсан. Бир икки учрашасан, холос".

Кўп ёшлар ўз оилалари билан яшаганлари учун ҳеч кимни уйга олиб келолмайдилар. Шунинг учун яширинча хона ижарага олишга мажбур бўладилар. Мен шуни англаб етдимки, доимий ёки узоқ муддатли муносабат қуриш жуда мушкул. Ҳамжинсбозлар Шариат қонунлари исканжасидалар ва ўз севганлари билан турмуш қуриш у ёқда турсин, ҳатто ўз яшаш ҳуқуқларини ҳам талаб қила олмайдилар".

Топталган ҳуқуқлар

Неъмат Садатнинг умид қилишича, ҳамжинсбозлар алал-оқибат, анъанадор мусулмон жамиятида ўз ҳуқуқларига эришадилар.

Лекин у яшаетган Ғарбда ҳам бу каби ҳуқуқлар босим остида ва яқиндагина таъминлана бошлаган.

Олмонияда икки эркак ўртасида жинсий алоқалар 1994 йилга қадар ноқонуний эди ва ҳозирда бу каби амал учун жазога тортилганларга товон тўлаш борасидаги қоида энди ишлаб чиқиляпти.

Ҳамжинсбозликни қоралайдиган фақат Ислом дини эмас.

Кўплаб ақидапараст насронийлар ҳам шундай қарашга эгалар.

Лекин шу йил бошида Рим Папаси Франсис ҳамжинсбозларга қилинган муносабат учун узр сўради.

Афғонистонда бу каби ўзгаришларга ҳали анча бор.

24 ёшли Шамела жинсини ўзгартиришни истайди. У ўғил бола бўлиб туғилган. Лекин доим қиз болалар ўйинларини ва улар билан ўйнашни афзал кўрганини айтади.

Аммо ҳозирда вояга етиб, ўз мойилликларини яширади.

Image caption Шамела хонасига қамалиб, пардоз қилишни ёқтиради

"Мен маҳбусга ўхшаб, хонага қамалиб оламан. Пардоз қилиб, мусиқа тинглаб, телевизор кўриб, рақс тушаман".

Унинг жуфти ҳам махфий ҳаёт кечиради.

"У жуда қаттиққўл. Омма ўнгида эркак бўлиб юришимни талаб қилади. Менинг энг катта таассуфим аёл бўлиб туғилмаганим. Мен эрга тегиб, фарзанд кўриб, яхши ҳаёт кечиришни истайман".

Би-би- си билан суҳбатда бўлганларнинг ҳаммалари умид ва чорасизлик ўртасида яшашларини айтдилар.

Лекин ўзликларига содиқ қолиш истагида қатьийлар.

Фаол Неъмат Садат ҳам умид билан яшайди. Лекин унинг айтишича, ҳамжинсбозлар ҳуқуқлари бошқа инсон ҳуқуқлари учун курашга ҳам боғлиқ.

"Биз ҳаммамиз биргаликда курашмасак, ҳамжинсбозлар ё-да аёллар ёки озчиликлар ҳуқуқлари ривож топмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.