Генерал Дўстум яна шимолга жўнаб кетди

Абдулрашид Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Афғонистон биринчи вице-президенти мамлакатнинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош иккита вилоятида ҳарбий амалиётларга бошчилик қилмоқчи, Фарёб ва Қундузни толиблардан буткул тозаламоқчи.

Бу ҳақдаги видеолавҳани Би-би-си Ўзбек хизматининг Youtubeдаги каналида томоша қилинг.

Туркманистонга қўшни Фарёб ва Тожикистоннинг шундоққина биқинидаги Қундуз - Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан иккита шимолий ва шимолий-шарқий вилоятидан биттаси бўлади.

Янги ҳарбий амалиётларга оид қарорга эса, Қундуз шаҳридаги сўнгги давомий жанглар ва Фарёб вилояти Ғўрмоч туманининг кеча душанба куни қайта толиблар қўлига ўтиши сабаб бўлган.

Ҳам Қундуз ва ҳам Ғўрмоч Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги стратегик жиҳатдан ўта муҳим ҳудудлар саналади.

Улар Афғонистон жанубидаги жангариларга мамлакат шимоли-шарқи баробарида Марказий Осиёга ҳам эшикларни очади.

Худди шу боис ҳам, Қундуз ва Ғўрмоч сўнгги йилларда Толибон ҳаракати ва улар хорижий иттифоқчиларининг асосий нишонига айланган, исёнчилар бу икки ҳудудни, муайян муддатга бўлса-да, кетма-кет босиб олишнинг уддасидан чиқишган.

Ўтган ҳафта душанба куни Қундузга қайта ҳужум қилган, кеча душанба куни эса, Ғўрмочни яна забт этган.

Шундоққина биқинларидаги бу каби вазият Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Устма-уст ҳарбий амалиётлар

Афғонистон шимоли-шарқидаги вазият жиддий ёмонлашиб бораётгани кузатиларкан, бу - мамлакат вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстумнинг жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар бошчилик қилиш учун шу йил ҳисобидан учинчи бор минтақага сафар қилиши бўлади.

Ўтган йилнинг август ойига тўғри келган ва асосан шимолий Фарёб вилоятида кечган илк ҳарбий амалиётлари чоғида эса, генерал Абдулрашид Дўстум ўзларига қарши ИШИД гуруҳининг аъзолари бўлган ва аксарияти марказий осиёлик жангарилар жанг қилишаётганини ҳам баён қилганди.

Шу йил апрел ойидаги ҳарбий амалиётларда ҳам асосий эътибор Фарёб баробарида Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош яна бир вилояти - Жаузжонга қаратилганди.

Лекин кенг кўламли экани айтилганига қарамай, ҳар гал, бу каби ҳарбий амалиётлар ортидан толиблар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Таҳлилчилар эса, бунга асосий сабаб қилиб, Афғонистон шимоли-шарқининг мураккаб жўғрофий жойлашуви, урушларнинг партизанча ёки чирикий табиати ва айрим ҳолларда, афғон кучларида жанг қилиш учун хоҳиш-ироданинг ўзи йўқлиги каби омилларни ҳам келтиришган.

Уларга кўра, ҳаво кучларининг заифлиги ҳам жангариларга қарши курашда Афғонистон ҳукуматига панд бераётган яна бир муҳим фактордир.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда тузуми қулатилган ўтган 15 йил ичида Толибон ҳаракати уюштиришга муваффақ бўлган энг кенг кўламли, ҳалокатли ҳужумлари ва муайян муддатга бўлса-да, эришган энг катта ютуқлари ҳам айнан мамлакатнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита қўшни шимолий-шарқий вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Ҳатто, Афғонистонда қолган оз сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг кўмаги билан ҳам, афғон ҳукумати бу ҳудудлар назоратини катта қийинчилик билан қайтариб олишнинг уддасидан чиққанди.

Аммо, аён бўлишича, янги ҳарбий амалиётлар аввалгиларидан буткул фарқ қилади - шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг буйруғи асосида амалга оширилади.

Афғонистон шимолидаги минглаб аскарлардан ташқари, Кобулдан ҳам мадад кучлари ташланади ва бундан ташқари, уларга Нато кучлари ҳам кўмакдош бўлади.

Фарёбдаги бир неча ҳафталик ҳарбий амалиётлар ортидан, бор куч Қундузга кўчирилади.

Шу йил апрел ойидаги ҳарбий амалиётларда генерал Дўстум Афғонистон шимолини толиблардан буткул тозалашга аҳд қилган, Жаузжон ва Фарёбдан кейин Қундуз ва Сарипулга ҳам ўтмоқчи бўлганди.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президентининг режаси ярим йўлда қолган, у бунга Миллий Хавфсизлик Кенгаши давомий тўсқинликлари сабаб бўлганидан шикоят этганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг