Бакиевнинг рафиқаси Минск меҳмонхонаси раҳбари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google

Назгул Толомушова «Отел Минск» унитар корхонасининг директори этиб тайинланган.

У 2010 йили апрелидаги норозиликлар ортидан Қирғизистондан қочишга мажбур бўлган президент Қурманбек Бакиевнинг иккинчи рафиқаси сифатида танилган.

"Отел Минск" расман Беларус президенти маъмуриятининг Ишлар бошқармасига тегишли меҳмонхона ҳисобланади.

Қирғизистонда "Апрел инқилоби" деб аталадиган ҳодисалар туфайли Қурманбек Бакиев аввал пойтахт Бишкекдан ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятига қочишга мажбур бўлди.

Мамлакат жанубида ўзига дастакловчилар тополмаганидан кейин собиқ президентнинг Қозоғистонга, сўнг Беларусга қочгани хабарлари тарқалди.

Беларус Президенти Александр Лукашенко Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевга, унинг рафиқаси Назгул Толомушова ва вояга етмаган фарзандларига Беларус фуқаролигини берди.

Минскда паноҳ топган Қурманбек Бакиев бирмунча вақт журналистлар эмин-эркин мулоқот қилиб юрди.

У Қирғизистонда юз бераётган ҳодисалар ва бу ҳодисаларга ўзининг муносабатини билдириб келди.

Журналистларнинг қайси пулга яшаётгани ҳақидаги саволларига ўзининг жамғармаси ҳисобига, дея жавоб берган.

Матбуотда Минск шаҳри четида Бакиев қаср қураётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган, бироқ Қирғизистоннинг собиқ президенти ва унинг оиласи қаерда ва қандай яшаётганини ўрганишга бир неча марта ҳаракат қилган беларуслик журналистлар "Бакиев қасри"ни тополмаганлар.

Расмий ҳужжатларга кўра, Қурманбек Бакиев фақат бир марта уйланган, аёли рус миллатига мансуб Татяна.

Беларусдан бошпана топганларидан кейин Назгул Толомушова Қирғизистонда нашр этиладиган "Айат" рўзномасига интервью берган ва бу интервьюсида Қурманбек Бакиев билан 1995 йилда турмуш қурганларини, икки фарзандлари борлигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI
Image caption Қурманбек Бакиев 2010 йил инқилоби ортидан Қирғизистондан қочган эди.

Қурманбек Бакиев 2005 йилдан 2010 йилгача Қирғизистон президенти бўлди.

У "Лола инқилоби" деб аталган ва мамлакатни узоқ йиллар бошқариб келган Асқар Акаевни ҳокимиятдан ағдарган норозиликлар ортидан қудратга келганди.

2010 йил апрелидаги норозиликлар Қурманбек Бакиевнинг ўзини ҳокимиятдан ағдарди.

Қирғизистон ҳукумати Қурманбек Бакиев ва унинг оиласи аъзоларини қатор жиноятларда айблаган.

Бу жиноятлар орасида қотилликлар, суистеъмолликлар ва давлат маблағларини ўзлаштириш айбловлари бор.

Беларусда собиқ президентнинг укаси, Қирғизистон хавфсизлик идораси раҳбарларидан бўлган Жанибек Бакиев ҳам яшаб келади.

Қирғизистон ҳукумати қатор жиноятларда айблаган Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Лондоннинг қиммат Кингстон туманида истиқомат қилади.

Daily Mail рўзномасига кўра, Максим Бакиев яшаётган уйнинг баҳоси 3,5 миллион фунт стерлингга тенг.

Қирғизистон ҳукумати бундан олдин бир неча бор Бакиевларни экстрадиция этилишини Минск ва Лондондан талаб қилган эди.

2016 йили Қирғиз маҳкамаси сиёсий қотилликларда айбдор деб топилган собиқ давлат раҳбари Қурманбек Бакиевга нисбатан умрбод қамоқ жазосини сиртдан 30 йиллик муддатга алмаштирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.